Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.
Фармонга кўра олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини янада ошириш, тизимдаги муассасаларнинг сифатли фаолият юритишини таъминлаш орқали юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ, қуйидагилар олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
· олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида замонавий ва мустақил фикрлайдиган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, билимли ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш;
· олий таълим муассасаларида касбий фаолият йўналишида замонавий билим ва малакага эга, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда чет тилларини ўзлаштирган кадрлар тайёрлаш сифатини таъминлаш;
· барча олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ўқув-педагогик ва илмий-услубий, шунингдек, уларда мутахассислар тайёрлаш сифати, таълим мазмуни ва даражасининг давлат таълим стандартлари ҳамда малака талабларига мувофиқлигини таъминлаш;
· замонавий педагогик технологиялар ва ўқитиш услубларидан кенг фойдаланиш асосида ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш, таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда ўқитишнинг илғор шакллари, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
· таълимда маънавий-ахлоқий мазмунни кучайтириш, ёшларни, мустақиллик ғояларига садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини ташкил этиш;
· олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли ёшларни жалб қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
· зиммасига юкланган вазифаларни самарали ва юқори профессионал даражада бажаришга қодир раҳбар ва педагог кадрларни танлаш ҳамда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини бундай мутахассислар билан таъминлаш, тизимли рағбатлантириш ишларини олиб бориш;








