Синоптиклар ҳароратнинг ҳақиқий кўрсаткичларини яширяптими?
Ёз мавсуми айни авжида ва аҳоли ўртасида яна “синоптиклар ҳароратнинг ҳақиқий кўрсаткичларини яширадилар, аслида ҳарорат кундузи 47-50 даража”, деган гаплар юрибди. Баъзилар эса ўз маиший асбоблари 60 даражани кўрсатаётганини айтмоқдалар. Бундай инсонларни ишонтириш қийин, дейилади “Ўзгидромет”нинг Kun.uz’га тақдим этган маълумотида.
Қуйида ҳароратнинг қандай ўлчаниши тўғрисида маълумот берилган.
Ҳозир аҳоли ўртасида ҳароратни аниқлайдиган маиший термометрлар кенг қўлланилмоқда. Кўпинча, бу асбобларнинг қабул қилиш қисми, шаҳардаги электрон таблоларга ҳарорат тўғрисидаги маълумотларни етказувчи термометрларнинг қабул қилувчи қисмлари тик қуёш нурлари ёки атрофдаги предметларнинг иссиқлик нурланишидан ҳимояланмаган. Бундай ҳолатда термометр ҳаво ҳароратини эмас, балки термометрнинг қабул қилувчи қисми қизиган даражасини ўлчайди.
Тўғри қуёш нурлари остида (очиқ ҳавода) бўлган инсон ҳаво ҳароратини эмас, Қуёшдан келаётган, ер юзасидан кўтарилаётган ҳамда атрофдаги қизиган предметлар ўзидан чиқараётган энергия таъсирида иссиқлик босимини ҳис этади. Автомашинадагилар қуёш нурлари таъсирида қизиган машина корпусининг иссиқлик нурланишини ҳис қилади. Шунинг учун тик қуёш остидаги ҳарорат сояга қараганда анча юқоридек сезилади.
Иссиқлик нурланиши омиллари таъсирини истисно қилиш ва метеорологик кузатувларнинг таққослана олинишини таъминлаш мақсадида улар бутун дунёда Жаҳон метеорология ташкилоти қоидаларига мувофиқ ягона услубда ва ягона стандарт шароитларда ўтказилади. Хусусан, ҳаво ҳарорати ер сатҳидан 2 метр баландликда ўрнатилган махсус шамоллатиладиган метеорологик будкада ўлчанади. Ўлчов асбоблари доимий равишда текширилади, уларнинг кўрсаткичлари эталон асбоб кўрсаткичлари билан солиштирилади.
Шунинг учун ҳаво ҳарорати тўғрисида аниқ маълумотларни билмоқчи бўлсангиз, “Ўзгидромет” прогнозларидан фойдаланинг ва уларга ишонинг, дейилади маълумотда.
Билдирилишича, шаҳар аҳолиси ёз жазирамасини енгилроқ ўтказиши учун қуюқ соя берадиган дарахтларни кўпроқ экиш, аҳолининг дам олиши мақсадида яшил хиёбонлар ва сердарахт парклар барпо этиш, ариқларни чиқиндилардан тозалаб сув билан тўлдириш зарур. Буларнинг барчаси шаҳарда мақбул микроиқлим ва ана шундай жазирама иссиқ кунларда қулай яшаш шароитларини яратади.
Жаҳонда энг юқори ҳаво ҳарорати АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлим водийси ва Ливия чўлида қайд этилган (57-58°С).
Ўзбекистонда энг юқори ҳарорат Қизилқум чўлида ва Термиз шаҳри яқинида қайд этилган (50°С).
Тошкент шаҳрида ёз мавсумининг абсолют максимуми 44.6 даража иссиққа тенг. (1997 йил 18 июль).
Мавзуга оид
15:45 / 11.11.2024
Ҳафта ўрталарида Ўзбекистонда кечаси ҳаво ҳарорати нолдан пастга тушади
12:21 / 11.11.2024
12 ноябр куни ҳарорат 19 даражагача кўтарилади
14:31 / 09.11.2024
Келгуси ҳафта бошида кутилаётган об-ҳаво маълум қилинди
11:18 / 09.11.2024