Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгиланиши мумкин:
васийлик ва ҳомийлик органларининг вазифа, функция ва ваколатларини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;
васийлик ва ҳомийлик органлари фаолияти самарадорлигини таъминлаш мақсадида улар ўртасида идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини яратиш;
васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш;
васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш;
васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича илғор хориж тажриба асосида таклифлар тайёрлаш;
васийлик ва ҳомийлик органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чораларини кўриш;
васийлик ва ҳомийлик соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини самарали ташкил қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Адлия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилиши мумкин:
назоратидаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сони 200 тадан ортиқ бўлган туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тузилмаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи 1 нафардан жами қўшимча 97 нафар штат бирликларини ажратиш;
васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи штат бирликларига қоида тариқасида биринчи навбатда “психология”, “юриспруденция” ва “ижтимоий иш” соҳалари бўйича олий маълумотга эга бўлган фуқаролар тайинланиши;
2019 йил 1 сентябрдан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тузилмаларида васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи мутахассислари лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 2 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилиши.
















