Harvard Business Review кексайиш АҚШ меҳнат ресурсларини қандай ўзгартириши борасида кенг тасаввурни ҳосил этувчи сўровнома натижаларини тақдим этди.

Фото: Getty Images

Ер аҳолиси кексаймоқда. АҚШ аҳолиси эса жуда тез қарияпти. Маълумотлар эса турли соҳа ва авлод вакиллари бўлган ишчилар ушбу демографик силжишнинг оқибатларини ҳис этишаётганини кўрсатмоқда. Натижада уларнинг кексайиш ва нафақага чиқишга бўлган муносабати ўзгармоқда.

Одамлар нафақага қачон чиқишмоқчи? Кексалик учун қачон пул жамғаришни бошлашади? “Кексалик” ўзи қачон бошланади? Ёки янада муҳим жиҳат, неча ёшда ишлашни тўхтатиш керак? Одамлар нафақадаги ҳаётидан нималарни кутадилар? Уларга иш берувчилар қандай ёрдам берадилар (ёки ёрдам бермайдилар)?

АҚШ меҳнат бозорида содир бўлаётган воқеалар ва бунинг одамлар ҳаётидаги оқибатларини яхшироқ тушуниш учун кўплаб манбаларни умумлаштирдик. Бу ерда келтирилган жадваллар оптимизмни ҳам, пессимизм ва ноаниқликни ҳамда турли авлодларнинг қарашларидаги тафовутларни акс эттиради. Кимнидир рақамлар хайрон қолдирса, бошқаларни ўйлашга мажбур қилади.

Миллениаллар — умидсиз оптимистлар

Манба: «18th Annual Transamerica Retirement Survey of Workers», Transamerica Institute, 2017

Ҳозирда ишлаётган жами америкаликларнинг 90 фоизга яқини эртами-кеч ишдан кетишни мақсад қилган. Бироқ карьерани режага асосан якунлашнинг аниқ ёши авлодга боғлиқ. Миллениаллар ақлбовар қилмас даражада оптимист: улардан ярмидан кўпроғи 65 ёшгача нафақага кета олишларига ишонади. Бироқ иқтисодий ва демографик трендлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Бундай номувофиқлик қаердан пайдо бўлган? Эҳтимол, миллениаллар учун нафақа ҳақида ишонч билан фикрлашга ҳали анча вақт бордир.

Айтганча, нафақа деганда нимани назарда тутамиз? Ҳар бешинчи миллениал нафақага чиққач, тўлиқ иш кунида ишлашда давом этишни режалаштиради. Бу бизни атамалар ҳақида чуқурроқ ўйлашга мажбур қилади: нафақага чиқиш ишлашга мажбур бўлган давр ва ишлаш ёки ишламасликни ўзимиз танлайдиган давр ўртасидаги чегарага айланиб қолмайдими?

Эйджизм