2016 йил 15 июль куни Туркияда ҳуқуқий демократияни ағдариб, ҳарбийлар хунтасини амалга оширишга уриниш бўлиб ўтди. Туркия ҳукумати тарқатган хабарларга кўра, бунда мухолифатчи Фетҳуллоҳ Гуленнинг қўли бор.
15 июль воқеаси қандай бошланди?
Бундан уч йил аввал, худди шу кунда Туркия халқи қонли давлат тўнтаришига уринишларга гувоҳ бўлди. Барчаси Туркия армияси ва ҳуқуқ-тартибот органлари хизматида бўлган ҳарбийларнинг мамлакатнинг стратегик объектларига ҳужум қилишидан бошланди. Уларнинг асосий мақсади амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййип Эрдўғанни ҳукуматдан четлаштириб, тўнтаришни амалга ошириш эди.

Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаган Аҳмет Башар Шеннинг Kun.uz'га берган интервьюсида, Туркиянинг қирувчи ҳарбий ҳаво кемалари ўша тунда ўзларининг Парламент биносига ўт очганини сўзлаб берган.
«Ҳарбий қўмондон Ҳулуси Акар эса ўғирлаб кетилди. Воқеалар ривожи шундай авж олдики, Туркия ўз 95 йиллик тарихида тўртинчи марта ҳарбий инқилобни бошдан кечираётганди», — дейди у.
Аммо, шу пайтда бир кутилмаган ёхуд фавқулодда ҳодиса юз берди. Воқеалар тафсилоти ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди, тинч аҳоли вакиллари ошхона буюмлари билан қуролланиб, кўчаларга чиқди. Хунтага қарши чиққан халқ Анатўлия майдонига йиғила бошлади. Эрдўғаннинг ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирда халққа мурожаат қилиши, идеологик бирдамлик сабаб кўчалар омма билан тўлиб тошди.

Ноҳарбий фуқаролар ва содиқ полиция, армия хизматчилари кучларини бирлаштирди. Манбаларга кўра, ўша кечада 240дан ортиқ киши вафот этди, яна 2194 нафар шахс тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди.
Тўнтариш ортида ким турганди?
Ушбу хунтада Камолчилар ҳаракати яққол сезилмайди. 1946 йили Туркияда ташкил этилган кўп партиявийлик демократик бошқарув усули жорий этилиши билан, Туркия қуролли кучлари ва бошқа тузилмалар Мустафо Камол Отатуркнинг мафкуравий ҳимоячиларига айланди. Дунёвий Туркияни ривожлантириш йўлида ҳарбийлар бошчилигида ҳокимият аёлларнинг рўмол ўрашига ҳам қарши эди. Манфаатидан четда қолган партияларга нисбатан турли таъсирчан чоралар кўрилди. Аммо, уларнинг барчаси тарихда қолди.
















