Сўнгги пайтларда ОАВ гўшт ва гўшт маҳсулотларнинг нархларини ўсиши ва бунинг сабабларидан бири сифатида ем маҳсулотларини биржа орқали сотилиши тўғрисида маълумотлар тарқатилмоқда. Масала ечими сифатида биржа савдоларидан воз кечган ҳолда, хўжалик юритувчи корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри шартнома тузиш муносабатларига ўтиш таклиф этилган, деб хабар бермоқда "ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати.
Таъкидланишича, биржа савдолари орқали сотилаётган пахта чигити шроти ва пахта шелухасининг ҳажми гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархларининг шаклланишида ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди. 2019 йил биринчи ярим йиллигида биржа савдолари орқали шартли чорва озуқаси бирликлари бўйича 251,9 минг тонна пахта чигити шроти ва шелухаси озуқа бирлиги сотилган, бу эса республикадаги умумий йирик қорамолларнинг тахминан 4,9% озуқасини ташкил қилади.
Қайд этилишича, авваллари товар ресурсларини харид қилиш имкониятлари чекланганлиги ва тизимда шаффофлик мавжуд эмаслиги хусусий сектор ва тадбиркорликнинг ривожланишига тўғоноқ бўлиб келган. Ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини фақатгина белгиланган нархларда сотишлари мумкин эди. Бироқ амалда товар уни харид қилиш учун берилган ижозат эвазига қўйилган нарх устамаси билан сотилган. Шу боис белгиланган ва сотилган нархлар ўртасидаги тафовут айрим “воситачилар”нинг норасмий даромад манбаига айланган.
Вақт ўтиши билан республикада замонавий очиқ-ойдин ва шаффоф товар бозорини яратиш зарурати туғилди. Юқорида кўрсатилган муаммоли масалалари ечими сифатида эса биржа механизми таклиф этилган, дейилади хабарда.
Билдирилишича, бугунги кунда “ЎзРТХБ” АЖда ўтказиладиган шаффоф ва ошкора биржа савдолари монополизм ва “хуфиёна иқтисод” элементларини бартараф этишга ўз кўмагини бериб, давлат бюджетига келиб тушаётган солиқларни оптималлаштирмоқда ва биржа савдолари натижасида олинган қўшимча даромад ҳисобига сотувчи-корхоналарнинг иқтисодий самарадорлигини оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги ПҚ-4023 сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 17 январда қабул қилинган ПҚ-3479-сонли қарорига ўзгартиришлар киритилиб, уларга мувофиқ пахта чигити шелухаси ва шроти биржа савдоларида эркин реализация қилинади.
“ЎзРТХБ” АЖ биржа бозорида чорва учун емларнинг сотувчиси сифатида “Ўзёғмойсаноат” Уюшмаси таркибига кирувчи ёғ-мой саноати корхоналари иштирок этишади. Биржа савдоларида харидор сифатида фермер хўжаликлари, тадбиркорлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар эркин ва чекловсиз равишда иштирок этишмоқда.

















