Маълумки, жорий йилнинг 1 октябрдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Ижтимоий тармоқларда яна йил бошидаги каби ҚҚС билан боғлиқ шов-шувлар кўпайиб бормоқда. Кўпчилик, энди нарх-наво ошади, гўштнинг нархи ҳам шунинг учун баланд бўлиб кетди, деган хавотирларни билдиришмоқда. Аслида нима бўлади?

ЎзА’нинг ёзишича, бу саволга Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Давлатхўжа Мўминхўжаев муносабат билдирди.

– Бу унчалик тўғри фикр эмас, – дейди Д.Мўминхўжаев. – Нарх деганда алоҳида маҳсулотни эмас, тўлақонли маҳсулотларни тушунишимиз керак. Тўғри, айрим маҳсулотлар ошади, баъзилари эса тушади. Кўпчилик нотўғри талқин қилиши туфайли нархларнинг сунъий ошириш ҳолатлари бор.

Бир қарашда фермерларнинг ҚҚСдан озод этилиши маъқулдек туюлади, лекин бундай “имтиёз” фермер хўжаликлари учун ҳам, уларнинг маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар учун ҳам унчалик фойдали эмаслигини гувоҳи бўлдик. Чунки, фермерга ҚҚС ҳисобламаслик, ҚҚСни ҳисоблашнинг кетма-кетлик занжирини узилишига ҳамда аввал тўланган ҚҚС суммасини ишлаб чиқариш харажатларига қўшилиши натижасида маҳсулот таннархини ошишига олиб келади.

Аслида умумий овқатланиш шохобчаси гўштни фермердан ҚҚС билан олса, ундан тайёрланган овқатга ҚҚСни нисбатан камроқ тўлайди. Бу эса овқатларни арзонроқ бўлишини таъминлайди. Йўқса, тадбиркор нафақат фермер ўрнига ҚҚС тўлайди, балки аввал гўшт етиштириш харажатларига киритилган ҚҚС устига яна ҚҚС ҳисоблашларига тўғри келади. Демак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ҚҚС олиниши туфайли нархлар арзонлашади ва маҳсулотлар барқарор ишлаб чиқарилади.

Нархларни ўсиш занжири овқатланиш шохобчаларида давом этиб, ҚҚСни тўлаш охирги истеъмолчи, яъни аҳоли зиммасига бориб тушади. Шунинг учун, кейинги вақтларда йирик супермаркетлар ва савдо дўконлари фермерлардан маҳсулот харид қилишни истамай қолган эди. Агарда ҚҚС бўлса, бу борада муаммо бўлмайди.

Энг асосий масала – бу фермерни экспортга бўлган иштиёқини рағбатлантириш. Мисол учун, фермер гилосни 5 минг сўмдан, экспорт қилса, божхона харажати билан 6 мингга айланади. ҚҚС қўшилганда 500 сўм минерал ўғит учун харажат қилган бўлса, экспорт қилган фермерга ана шу пул ҳам қайтариб берилади. Бу унга қўшимча фойда бўлиб қолади.