Бундан бир неча йил илгари содир этилган жиноят нафақат воқеа иштирокчиларини таниган қўни-қўшни ва яқинларини, балки бу мудҳиш воқеани эшитган ҳар қандай кишини афсуслантирди, деб ёзмоқда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим катта прокурори Рахман Санкибаев “Ҳуқуқ” нашрида.

2016 йил 27 март. Республиканинг олис туманларидан бирининг ички ишлар бўлими навбатчи қисмига номаълум шахснинг қумга кўмилган мурдаси топилганлиги ҳақида хабар келиб тушди. Воқеа жойи кўздан кечирилар экан, қийнаб ўлдирилган номаълум шахс туман ҳудудида истиқомат қилган, 1968 йилда туғилган Собирбек Бўриев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эканлиги маълум бўлди.

Собирбек аслида кимлигини, қайси манзилда яшашини, касби-корини аниқлаш ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларида деярли қийинчилик туғдирмади. Гап шундаки, марҳум ички ишлар бўлими ходимларига бундан сал аввалроқ, яъни 2015 йилнинг ноябрь ойида юз берган бир воқеа туфайли жуда яхши таниш бўлиб қолганди.

* * *

С.Бўриев икки хонали уйда ёлғиз яшарди. У оиласида юзага келган келишмовчиликлар туфайли турмуш ўртоғи билан ажрашгач, бошқа оила қурмаган. Ҳеч қаерда ишламасди. На иши, на тайинли бир касб-кори бўлмаган. У тенгилар аллақачон ўғил уйлантираётган, қизларини турмушга бераётганди. Мақсадсиз ҳаёт тарзига ўрганган С.Бўриев эса бундай бахтдан ўзини ўзи бенасиб қилиб қўйганди.

Шундай кунларнинг бирида у кимдандир туман ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Зулфия Хожаниязованинг қўл телефони рақамини олади ва унга қўнғироқ қилиб, танишиш мақсадини билдиради. Табиийки, нотаниш йигитнинг кутилмаган таклифи Зулфия томонидан шу пайтнинг ўзидаёқ рад этилади. Лекин С.Бўриев З.Хожаниязовага такрор ва такрор қўнғироқ қилиб, ўзини 1990 йилда туғилганлиги, ҳар куни уни кузатиб юрганлиги, ҳаттоки, уни бир кўришдаёқ ёқтириб қолганлиги ҳақидаги ёлғонларига ишонтиришга уринади. Албатта, ёши бир жойга бориб қолган С.Бўриев қизни ўз қармоғига илинтириш осон кечмаслиги аниқ эди. Шунинг учун ҳам у Зулфиянинг соддалигидан фойдаланган ҳолда бошқа қатор ёлғонларни ўйлаб топиб, охири қизни, аввал гаплашишга, сўнг эса ўзи билан учрашувга чиқишга кўндиради.

Хуллас, йигитнинг гапларига ишонган қиз учрашувга чиқади. Аммо атроф қоронғи, устига-устак С.Бўриев кепкасини юзига тушириб кийиб олганлиги боис, аслида салкам эллик яшар "йигит"ни аниқ кўра олмайди. С.Бўриевнинг ҳийласини қарангки, у Зулфия билан бўлган илк учрашувда бу менинг расмим деб бошқа бир ёш йигитнинг расмини унга бериб кетади.