Kun.uz таҳририятига жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Имкониятлардан келиб чиққан ҳолда энг долзарб, кўпчиликнинг муаммосини ҳал қилиб бериши мумкин бўлган мавзуларни танлаймиз.

Мурожаатни жойига бориб ўрганиш ҳам алоҳида мураккаб жараён. Баъзида йиллар давомида шаклланган, икки-уч тўплам ҳужжатларга жо бўлган муаммоли ҳолатларни таҳлил қилишга тўғри келади. Масала билан танишиб, унинг ичига кириб боргунча ақл шошади. Суриштирувлар барча зиддиятли томонларни тинглаган ҳолда олиб борилади.

Энг муҳими эса масалани тўғри ва холис ёндашув билан мақола ёки видеоматериал кўринишига келтириб эълон қилишда. Ҳамиша билиб-билмай, «оқни қора, қорани оқ», демадикмикин, кимнингдир манфаатини ҳимоя қилиб қўймадикмикин, ҳақиқатдан узоқ кетиб қолмадикмикин, деган хавотирлар бўлади.

Қарангки, бир неча кун олдин Kun.uz сайтида эълон қилинган «Чустдаги мактаб муаллималари қурилиш ишларида жавлон уришмоқда. «Ўз хоҳиши» билан...» сарлавҳали мақоладан кейин «Sevimli TV» мухбири ҳам Чустга бориб, «Zamon» кўрсатуви учун журналистик суриштирув ўтказибди ва мактаб ҳудудида ўқитувчиларни ва ҳатто мактаб директорини «топа олмасдан», «Ўқитувчилар таъмирлаш ишларига жалб этилганмиди?» сарлавҳали видеолавҳасида сайтдаги мақолада келтирилган фактлар ёлғонлигини «фош этиб» қайтибди...

Келинг, ҳаммасини бошидан бошлайлик.

Видео: Youtube

Воқеанинг асли

Чуст шаҳридаги 9-мактаб ўқитувчилари сайт таҳририятига таътил чоғида дам олиш ўрнига мактабдаги қурилиш ишларига мажбуран жалб қилинаётганликлари ҳақида фото ва видеолавҳалар жўнатиб ёрдам сўрашди.

«Наманган вилояти, Чуст шаҳридаги 9-мактаб ўқитувчилари меҳнат таътили даврида мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда. Ўқитувчилар директорнинг «Келмасангиз дарс соати берилмайди», деган дағдағасидан қўрқиб ишга чиқишмоқда. Бундай ишлар қачон тугайди? Ким биз ўқитувчиларни ҳимоя қилади?», дейилганди мурожаатда.