Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, мана шундай эзгу ташаббус ва бунёдкорлик туфайли республикамиз бўйлаб юзлаб турар жойлар қад ростламоқда. Одамларнинг йиллар давомида ушалмаган орзулари рўёбга чиқмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қаватли уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлаётир.


Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар республикамиз бўйича жами 602 та кўп қаватли арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилган. Биргина ўтган йилнинг ўзида 16 минг 937 та хонадондан иборат жами 411 та кўп қаватли арзон уйлар бунёд этилган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 355 тани ташкил этади. Давлатимиз раҳбари 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қувасой шаҳарида 5 та кўп қаватли арзон тураржойлар қуриш бўйича кўрматма берган эди. Шу тариқа шаҳарнинг “Пакана” МФЙ ҳудудида 2 та 5 қаватли ва “Ёшлик” МФЙ ҳудудида 3 та 5 қаватли, жами 5 та 5 қаватли 225 хонадонга мўлжалланган уйлар барпо этилиши бошланганди.


Куни кеча “Ёшлик” МФЙ ҳудудида қурилган 3 та 5 қаватли уйларнининг калитлари ўз эгаларига топширилди. Қайд этиш жоизки, шу тариқа республика бўйича 2019 йил дастури асосида қад ростлаётган арзон уй-жойларни фойдаланишга топширилишга “старт” берилди. Тадбирда туман ҳокими хонадон соҳибларига калитларни торширар экан, ушбу бунёдкорлик аҳолини йиллар давомида кутилган орзуси эканлигини таъкидлади.
Маълумот учун Қувасойда кўп қаватли тураржой бинолари қурилишининг охиргиси 1983 йилга тўғри келади. Шундан буён туманда бирорта ҳам кўп қаватли бино қурилмаган. Албатта, бу уйлар шаҳарнинг 65 йиллик юбелейига муносиб совға бўлди.




















