Жамият | 11:00 / 24.07.2019
20959
2 дақиқада ўқилади

Мурожаатдан сўнг: суд Чуст туман ҳокимининг шикоятини қабул қилишни рад этди

Бир неча кун аввал сайтимизда «Чуст туман ҳокимлиги бир йилдан буён суд қарорини ижро қилмаяпти» номли танқидий мақола эълон қилинган эди. Мақолада фермернинг ери ноқонуний олиб қўйилгани ва бу бўйича маъмурий суд томонидан ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича қарор ҳам чиқарилган, лекин ҳокимият суд қарорининг ижросини бир йилдирки бажармай келаётганлиги баён этилган.

Ушбу қарор устидан Чуст туман ҳокими кассация шикояти беришни мақсад қилган. Бироқ бунинг имкони йўқ, чунки Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 227-моддасига биноан кассация шикоятини бериш муддати бир ой ҳисобланади. Орадан эса бир йил ўтиб бўлган, қарор ижроси бесабаб амалга оширилмаган.

Ҳокимлик ушбу муддатни узрли деб ҳисоблаш ва кассация инстанциясида ишни бошлаш учун судга мурожаат этган. Кассация судининг ажримига кўра, жавобгар Чуст тумани ҳокими туман суди ҳал қилув қароридан ўз вақтида хабардор қилинмаганлиги ва ўтказиб юборишни тиклашни сўраган. Суд эса ҳоким томонидан берилган кассация шикоятида келтирилган муддатни тиклашни рад этишни лозим топган. Чуст туман ҳокимининг шикояти рад этилган.

Шу ўринда бир неча саволлар туғилади: орадан бир йил ўтган бўлса, қандай қилиб ҳоким бундан ўз вақтида хабардор бўлмайди? Шикоят рад этилган бўлса, энди кучда қолган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қачон ижро этилади? Бир йил мобайнида ижрога қаратилмаган суд қарори учун қандай чора кўрилади?

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид