Ўзбекистон | 15:29 / 25.07.2019
7407
2 дақиқада ўқилади

ОТМга кириш имтиёзлари сохта сертификатлардан қанчалик ҳимояланган?

Фото: KUN.UZ

25 июль куни Давлат тест марказининг чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси иштирокида “Тест синови ўтказишга оид давлат сиёсати: абитуриент ва педагог ходимларнинг чет тилини билиш даражасини баҳолаш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман давомида чет тилини билиш тўғрисида сохта сертификатларни тайёрлаш “тенденцияси” пайдо бўлаётгани, ОТМларда тил бўйича бериладиган имтиёзларнинг бундай фейк ҳужжатлардан ҳимояланганлик даражаси хусусидаги Kun.uz мухбирининг саволига ДТМ мутасаддиси муносабат билдирди.

Чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Сардор Ражабовга кўра, Давлат тест марказининг чет тилини билиш тўғрисидаги сертификати ҳаққонийлигини марказнинг расмий сайти (dtm.uz) орқали текшириш мумкин. “Сертификат назорати” деган қисмга сертификатнинг шифр рақамини териш орқали ҳужжатнинг амал қилиш муддати, кимга тегишли эканлиги ҳақида батафсил маълумот келиб чиқади. 

“IELTS, DSD, DaF имтиҳонлари, Гёте институти сертификатларининг ҳаққонийлигини интернет орқали текшириб бўлмайди, буни фақатгина ўша давлат элчихонаси орқали амалга ошириш мумкин.  Ҳужжатларни топшириш жараёнида абитуриент тил билиш тўғрисидаги сертификатини тақдим этганида, тегишли тил имтиҳонидан озод этилади. Агар кейинчалик у талабаликка тавсия этилса, имтиёз тақдим этувчи ҳужжатлари олий таълим муассасасида текширилади, элчихоналарга сўров юборилади. Агар шу жараёнда сертификатнинг фейклиги тасдиқланса, унга тил имтиҳони бўйича берилган максимал балл олиб ташланади”, ─ дейди Сардор Ражабов.

Мавзуга оид