2019 йил май-июнь ойларида Хоразм вилояти, Урганч шаҳри Ашхобод кўчасидаги ерларни давлат эҳтиёжи учун қайтарилиши муносабати билан бузиб олиш ва одамларни кўчириш ишлари бошланди.

Урганч шаҳрининг бош режасига асосан Ашхобод маҳалласи саноат минтақаси ҳудуди ҳисобланади. Бу ерга 50-60 йил аввал аҳоли кўчиб келиб, уй-жой қуриб, ўрнашиб қолган. Ҳозирда 400га яқин хонадонда яшовчи аҳолининг уй-жойлари бузиб олиниб, Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғидан ер ажратиб берилган ва тўлиқ кўчириб юборилган.

Бироқ, хонадон эгаларининг баъзиларига компенсация пули қисман бўлса-да берилмади. Натижада, аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида катта можаро келиб чиқди. Бу ҳақда «Очиқ осмон остида яшаётган хоразмликлар. Шаҳар ҳудудида «снос» ишлари авжига чиқмоқда» деган мақоламизда ёритган эдик.

26 июль куни Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва далада палатка ва чартак (капа) қуриб яшаётган, аммо 1-2 ойдан бери компенсация пулини ололмаётган аҳолининг сабр косаси тўлган. Шу куни соат тахминан 21:00да улар Урганч – Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсишди.

Натижада, бир неча соат давомида катта қатнов йўлидан автомобиллар ҳаракати тўхтаб қолди.

Можаронинг келиб чиқиши компенсация пулининг берилмаслиги, берилса ҳам унинг миқдори жуда оз бўлгани билан боғлиқ. Гап шундаки, 26 июль куни Миллий Банк томонидан бу фуқароларга компенсация пули тарқатила бошлаган. Бироқ, унинг миқдори келишув шартномасида кўрсатилган қийматнинг атиги 8 фоизи экани маълум бўлганидан сўнг, аҳоли орасида норозилик кайфияти кучайган. Чунки фуқаролар ва Урганч шаҳар ҳокимлиги ўртасида тузилган келишув шартномасида компенсация пули икки қисмга бўлиниб (50 фоиздан) тўланиши белгиланган эди.

Компенсация пулининг дастлабки қисми жуда оз миқдорда экани одамларни норози қилган. Улар Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаевнинг келишини, келишув шартномасига амал этишини талаб қила бошлаганлар. Тартибсизликлар натижасида қурилиш кетаётган ҳудудда ўрнатилган ва бўш турган бир неча палаткалар бузиб ташланган. Шундан сўнг, Урганч – Хонқа йўлининг бир қисми одамлар томонидан тўсилган.