27-28 июль кунларида Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги ободонлаштириш ва қурилиш ишларига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 13562 нафар ҳашарчи жалб қилинди. Бу ҳақда ЎзА сайтида эълон қилинган «Риштонда уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага кўмак берилмоқда» сарлавҳали мақолада маълумот берилган.
Мақолада ҳашарни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, прокурор Садриддин Турдиев, ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳмат Маматов кузатиб боргани, улар ҳар бир қурилиш объектига келиб, аҳоли билан мулоқот қилгани қайд этилган.
Ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими воқеа жойига велосипедда ташриф буюриб, одамлар билан суҳбатлашаётгани акс этган суратлар тарқатилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу мақолага муносабат билдириб, бу каби тадбирлар ўтказилиши меҳнат қонунчилигини тўғридан-тўғри бузиш ҳамда оммавий мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳисобланишини маълум қилди.
«29 июль Миллий ахборот агентлигининг Uza.uz сайтида «Риштонда уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага кўмак берилмоқда» номли мақола эълон қилинди. Мақолада 27-28 июль кунлари Фарғона вилоятининг қатор туманларида йўлларни кенгайтириш, объектлар қуриш ва ободонлаштириш ишларини ўтказиш учун «Азот» АЖ, «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи», «Фарғона Иссиқлик энерго маркази» МЧЖнинг 4500 нафар ходимини жалб этиш орқали ҳашар ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шуни маълум қиладики, бу хилдаги тадбирлар меҳнат қонунчилигини тўғридан-тўғри бузиш ва оммавий равишда меҳнатга мажбурлаш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сон Қарорига мувофиқ, ҳашар фақат ихтиёрий асосда ўтказилиши белгиланган. Ҳашарни ўтказиш учун умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиши шарт. Ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади. Ҳашарлар доирасида бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмайди.


















