АҚШнинг янги тинчлик режаси Донбассда демилитаризация зонасини яратишни назарда тутади, деб ёзади The Economist Украина расмийларига таяниб. Шунингдек, Украина НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши, бунинг эвазига инвестиция дастури ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиши кўзда тутилган. Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш ва Ғарб билан алоқаларни қисман тиклаш ҳам таклиф этилмоқда. Бу Европага газ етказиб беришни қайта тиклаш ва «Шимолий оқим» қувурлари фаолиятини қайта ишга туширишни ҳам ўз ичига олиши мумкин. The Economist нашри қайд этишича, бу фақат режанинг «контурлари» бўлиб, тафсилотлар ҳали ҳам номаълум.
Киевда Стив Уиткофф ва Володимир Зеленскийнинг Ослодаги сўнгги учрашуви кўтаринки кайфиятда қабул қилинмади, дея қайд этади «Медуза»нинг Украина президенти офисига яқин бўлган манбаси. Сабаби – Россия аннексия қилинган ҳудудлар, жумладан, ҳали Украина назоратида қолаётган ҳудудлар ҳам ўзига берилишини талаб қилишда давом этмоқда. «Киев бугуннинг ўзида тўқнашув чизиғида ўт очишни тўхтатишга тайёр, аммо бизда консенсус бор: Украина ўз ҳудудларини топширмайди», – деган нашр суҳбатдоши.
Владимир Путин илк бор музокаралар жараёнига муносабат билдирди. Пропагандачи Павел Зарубинга берган интервюсида у Москва «уч томонлама контактлар»ни қайта тиклашга тайёрлигини тасдиқлаб, унинг мақсади Украина ва Россия хавфсизлиги масалаларини «ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш натижасида эмас, балки якуний вариантда» муҳокама қилиш бўлишини таъкидлади. Украина томонидан ҳудудий ён бериш масаласида Путин шундай деган: «Бу уларнинг ҳудуди эмас, бу тарихан Россия ҳудуди. Шундай экан, қандайдир ҳудудий йўқотишлар ҳақида гапириш, менимча, ўринсиз».
Европа Путин билан музокаралар олиб бориш учун беш номзодни кўриб чиқмоқда, деб ёзади The Telegraph. Улар Италия бош вазири Жоржа Мелони, Финландия президенти Александр Стубб, Чехия президенти Петр Павел, Дания бош вазири Метте Фредериксен ва Норвегия бош вазири (бу давлат Европа Иттифоқи аъзоси эмас) Йонас Гар Стёре. Нашр манбаларига кўра, Брюссел музокараларга бир эмас, бир неча кишини юбориши мумкин, бу эса мамлакатлар ўртасидаги ички рақобатнинг олдини олади.


















