Ўзбекистон | 15:59 / 03.08.2019
10654
2 дақиқада ўқилади

«Ихтисослашган боғчаларга қатнайдиганларнинг атиги 25 фоизи ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд болалар» - Шин

Фото: KUN.UZ

“Республика бўйича 178та ихтисослашган, ақлий ёки жисмоний жиҳатдан имконияти чекланган болалар учун боғчалар мавжуд. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, бундай боғчаларга қатнайдиганларнинг атиги 25 фоизи ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд болалар. Қолганлари соппа-соғ.  Чунки ихтисослашган боғчаларда бир қатор имтиёзлар бор, улар бепул. Ҳақиқатан ногирон болалар эса навбат кутиб қолиб кетяпти”. Бу ҳақида мактабгача таълим вазири Агриппина Шин 2 августь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маълум қилди.

“Ихтисослашган МТМни такомиллаштириш бўйича ишлар олиб бориляпти. Бундай боғчаларга ҳақиқатан ҳам эҳтиёжи борлар бориши керак. Соғлом болалар жойни эгаллаб олгани ҳисобига улар навбат кутиб қоляпти. Яна бир жиҳат. Болани ихтисослашган боғчада алоҳида парвариш қилиб, муолажалар ўтказгандан кейин ижтимоий мослаштириш учун оддий боғчага ўтказиш керак бўлади. Лекин бунинг учун у яна навбат кутиб қолади. Натижада қилинган муолажалар бу вақт оралиғида ўз кучини йўқотади. Шу боис кўп профилли мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Унда бола тиббий-педагогик-психологик комиссия текширувидан ўтказилиб, қабул қилинади. Бундай МТМларда алоҳида гуруҳларда реабилитация муолажаларини олган бола аҳволи яхшилангач, автоматик тарзда оддий гуруҳга ўтказилади”, ─ дейди Агриппина Шин.

Вазирнинг қўшимча қилишича, инклюзив таълимга асосланган, ўз реабилитацион марказига эга МТМлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шулардан бири Нукусдаги “Имкон” мактабгача таълим муассасаси бўлиб, Россиянинг “Лукойл” компанияси билан ҳамкорликда Қибрай тумани, Қашқадарё вилоятида ҳам шундай боғчалар очилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид