00:35 / 05.08.2019
11098

Британия компанияси дунёнинг энг яхши аэропортлари рейтингини эълон қилди  

Фото: РИА "Новости"

Британиянинг юкларни сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи Stasher компанияси ўз талқини бўйича дунёнинг энг яхши аэропортлари рейтингини эълон қилди.   

Аэропортлар 8 та мезон бўйича баҳоланган.

Рейтингга кўра, унда 1-ўринни энг юқори кўрсаткич – 6,5 балл билан Москванинг А.С.Пушкин номидаги Шереметьево аэропорти эгаллаган. У икки кўрсаткич – парвозлар жадвалига амал қилиш ва парковка арзонлиги бўйича сайёрамиздаги энг яхши аэропорт деб эътироф этилган ва бу мезонлар бўйича энг юқори балл – 10 балл билан баҳоланган.

Тадқиқотда кўрсатилишича, Шереметьевода фақатгина 6 фоиз парвозлар 15 дақиқадан кўпроққа қолдирилади, бу эса дунё бўйича энг яхши кўрсаткичдир. Москва аэропорти, шунингдек, кутиш заллари сони бўйича энг яхши аэропортлар учлигига кирган. 

Тадқиқотда, шунингдек, Google’нинг баҳолаши, аэропортлардаги овқатланиш сифати, аэровокзаллар мажмуаларида дўконларнинг оз-кўплиги, аэропортлар қошидаги меҳмонхоналардаги хизмат даражаси ва аэропортдан улар аҳолиси ва меҳмонларига хизмат кўрсатувчи шаҳарлар марказларигача масофанинг қисқалиги каби мезонлар ҳисобга олинган.

Рейтингга қайтадиган бўлсак, унда 2-ўринни Лондоннинг Хитроу, 3-ўринни Тринидад оролидаги Пиарко аэропортлари эгаллаган.

Шунингдек, етакчи ўнталикка Суваннапхум (Бангкок, Таиланд), Копенгаген (Копенгаген, Дания), Хосе Мария Кордова (Медельин, Колумбия), Аделаида (Аделаида, Австралия), Калгари (Калгари, Канада), Эль-Дорадо (Богота, Колумбия) ва Ҳамад (Доҳа, Қатар) аэропортлари киритилган. 

Top