Наманганда абитуриентлар номидан тестга кирган уч нафар талаба ушланди
Айни кунларда Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида ташкил этилган павильонда вилоятдаги олий таълим муассасаларига 2019-2020 ўқув йили учун тест синовлари ўтказилмоқда.
Журналист Оқилхон Дадабоевнинг хабар беришича, тест синовларини қулай ва адолатли, шаффоф тарзда ташкил этилиши учун тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан етарли даражада шарт-шароитлар яратилди.
Бироқ, шу йилнинг 3 август куни Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Баркамол авлод” спорт мажмуаси павильонига сохта ҳужжатлар билан (биометрик паспортдаги ва тест синовларига кириш учун ДТМ рухсатномасидаги расмларни алмаштириб) “мижоз” абитуриентнинг ўрнига “калла” сифатида кираётган 3 нафар талаба, яъни Тошкент ахборот технологиялари университети, Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик технология институтининг талабалари аниқланди. Бу “уддабурон” учовлон ҳукуматнинг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли ва 2018 йил 3 апрелдаги 261-сонли қарорлари билан тасдиқланган Низом талабларини қўпол равишда бузганлиги сабабли тест синовларидан белгиланган тартибда четлатилди.
Ўрганиш давомида абитуриентларни ноқонуний йўллар билан ўқишга киришини ташкиллаштирган шахс - 1985 йилда туғилган, Норин туманида яшовчи А.К.Д. эканлиги аниқланди ва у тезкор тадбир давомида қўлга олинди.
Аниқланишича, А.К.Д. “мижоз” абитуриентларни 3 минг 500 АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. “Калла” бўлишга сўз берган “учар” талабаларга уларга бириктирилган “мижоз” шартнома асосида ўқишга кирса 800 АҚШ доллари, “грант”га кирадиган бўлса 1 минг 200 АҚШ доллари беришини айтади. Рейд натижасида айрим “калла”ларга тест куни “мижоз”нинг сохта паспорти ва рухсатномаси билан бирга келишилган пулларни берганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро А.К.Д.га нисбатан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35 / 11.11.2024
Наманганда тўёна кўринишида пора олган кадастр бўлими бошлиғи 5 йилга қамалди
09:30 / 07.11.2024