Халқимизга хос меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик эътиқоди рамзи – Қурбон ҳайити ҳар йили мамлакатимизда қутлуғ байрам сифатида кутиб олинади.

Бу йилги байрамга ҳам ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият билан ҳозирлик кўрилмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 августдаги «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори меҳр-оқибат, саховат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик каби халқимизга хос азалий юксак фазилатларни кенг намоён этиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Маҳаллаларда ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Ёнғин хавфсизлиги институти жамоаси томонидан жорий йилнинг март ойидан бошлаб ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари Сергели, Зангиота ва Янгийўл туманларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар, якка ёлғиз ҳамда ногирон фуқароларнинг хонадонларида, Меҳрибонлик уйларида, Олмазор туманидаги «Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати» ҳамда Оҳангарон туманидаги «Саховат» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларида ҳашарлар ўтказилиб келинмоқда.

Жорий йил 10 август куни Институт ходимлари ва курсантлари ушбу эзгу ва хайрли анъанани давом эттирган ҳолда Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган қабристонларда (шу жумладан, рус ва корейс халқларининг қабристонларида) уюшқоқлик билан ҳашарлар ўтказди.

Ҳашарда Институтнинг доимий ва ўзгарувчан таркибидан жами 100 нафарга яқин ходим ва курсантлар иштирок этди.

Ҳашар давомида Сергели туманининг қабристонларида ободонлаштириш, ариқларни тозалаш, ҳудудни тартибга келтириш, қабристон ҳудудлари чиқиндилардан тозалаш ишлари, қабрлар атрофи эса ёввойи ўтлар ва шохлардан тозалаш каби кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мақсад – ёшларимизда она-Ватанга муҳаббат, юрт ободлиги, ўтган авлод ва аждодларимиз руҳини улуғлаш каби муқаддас қадриятларимизни сингдиришдан иборат.

Қабристонлар ободончилиги учун ўтказиладиган ҳашар инсонга меҳр-оқибат, одамийликдан сабоқ берувчи бебаҳо тарбиявий аҳамиятга эга тадбир саналади. Буни англаган Институт жамоаси ҳашар ишларида бирдамликларини кўрсатишмоқда. Зеро, миллий қадриятларимизни асраш, аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас қадамжоларни обод қилиш барчамизнинг бурчимиздир.