Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Instagram'даги саҳифасида расмий баёнот билан чиқди

“Сизга яхши маълумки, республикамизда сўз эркинлигини таъминлаш, эркин фикр юритиш учун ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш, давлат идораларининг очиқлигини таьминлаш, блогерлик мавқеини кўтариш, барча тоифадаги ОАВ ходимларини ҳимоя қилиш борасида талайгина иш қилинди ва қилинмоқда.  

Бу уларни оммалашишига, халқ орасида ҳурмат қозонган ҳолда амалда тўртинчи ҳокимият даражасига секин аста бўлса-да, кўтарилишига олиб келмоқда. Бунга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Тан олиб айтиш керакки, бугун ҳар бир смартфон эгаси эрта тонгданоқ уйғониши билан телефони орқали биринчи бўлиб ижтимоий тармоқларга киради ёки янгиликларни ўқийди. Ва шу тариқа ҳар биримиз электрон ахборот майдонининг таъсирига тушиб бормоқдамиз. Кимлардир бу майдонда иштирокчи, кимлардир унинг қурбони, кимлардир эса кузатувчи. Мобил телефонидан фойдаланувчилар сонининг 20 миллиондан ортиб бораётганини инобатга олсак, ахборот сиёсати соҳасидаги масъул давлат органи бўлган бизнинг агентлигимиз бу масалага бефарқ бўла олмайди ва уни ўз ҳолига ҳам ташлаб қўя олмайди. Гап бизнинг давлатчилигимиз, халқимизнинг тинчлиги, хотиржамлиги ва, қолаверса, давлатимиз равнақи ҳақида бормоқда”, - дейилади баёнотда.
 
Билдирилишича, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларда қандай янгилик пайдо бўлмасин унинг тагида турли мунозарали баҳслар, муносабатлар, фикрлар, тортишувлар ёзилади. Бу фуқароларнинг фаоллашиб бораётганини кўрсатади.

“Лекин, минг афсуски, улар орасида охирги пайтда ҳақоратли сўзлар, туҳматли гаплар, сўкинишлар, обрўсизлантирувчи фикрлар кескин кўпайиб бормоқда. Бундай изоҳлар, ўз навбатида, ҳар бир фуқарога салбий таъсир кўрсатиб, ёлғон маълумотлар шаклланиши, одамларимиз орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Энг ёмони буларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки фейк, яъни, сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Буларнинг ортида нима мақсад ётгани, бу гуруҳлар кимга қарашли экани катта савол туғдиради. 

Минг афсуски, ушбу муаммо нафақат Ўзбекистон балки бутун дунё мамлакатларининг бош оғриғига айланган. Сизга яхши маълумки, турли оммавий тартибсизликларнинг барчаси ушбу ресурслар ёрдамида амалга оширилади. Яқин қўшни давлатлар, умуман дунё ҳамжамияти ҳам ушбу муаммо билан қаттиқ курашиб келмоқда”, - дейилган баёнотда.