2020 йилнинг 1 январидан бошлаб туристик соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижий чартер рейсларининг авиаташувларига компенсация тўлаш тартиби жорий қилинади. Бунда давлат томонидан Ўзбекистонда камида 5 кеча тунаш шарти билан ҳар бир сайёҳга 20 АҚШ доллари, қишки мавсумда (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 доллардан авиаташувни ташкиллаштирувчига пул тўланади.
«Бу халқаро доирада бор тажриба. Агар битта самолётда 150 нафар сайёҳ юртимизга ташриф буюрадиган бўлса, парвозни ташкил қилган сайёҳлик фирмасига, масалан, 3 минг АҚШ доллари берилади», - дейди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.
Унинг сўзларига кўра, битта ташкиллаштирилган рейсга 3 минг доллар бериш орқали катта даромад олиш мумкин. Масалан, ҳар бир туристдан минг доллардан фойда кўрилса, Ўзбекистонга битта самолётдан 150 минг доллар қолади. Агар унинг 20 фоизи солиққа тортилса, бу 30 минг доллар деганидир.
«Бу пуллар орқали ҳам бюджетга фойда бўлади, ҳам узоқ-узоқ ҳудудларимизнинг инфраструктураси яхшиланади. Катта-катта лойиҳалар реализация қилинади. Бизнес фойдасига қарасак ҳам, 120 минг доллар фойда қолиши катта гап».
Бош вазир ўринбосарига кўра, агар 1 йилда мингта чартер рейслари келадиган бўлса, Ўзбекистон йилига 150 миллион доллар фойда қилади. Шунинг учун ҳам бу лойиҳани одамларга тўғри тушуниши ва амалиётни бошлаш зарурлиги таъкидланди.

















