Куни кеча ижтимоий тармоқларда йўл четида тез тиббий ёрдам машинаси шифокорлари билан содир бўлган муштлашув видеоёзуви тарқалган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бу ҳолатни ўрганиб, ўзининг дастлабки хулосаларини берганди.

Видеолавҳада тез тиббий ёрдам бригадаси шифокори ва ҳайдовчиси бир кишини дўппослаб ураётгани тасвирланган. Шу билан бирга шифокор ва ҳайдовчининг ўзи ҳам жароҳат олгани кўринади, аммо бу жароҳат қандай етказилгани лавҳада акс этмайди.

Шундан сўнг воқеалар ривожи кутилмаган тарзда кечди ва дастлаб ўзини ўша шифокорлар томонидан калтакланган йигитнинг акаси Шуҳрат деб таништирган шахс биз билан боғланди ва юқоридаги ҳолат бўйича ўз версиясини сўзлаб берди:

– Укам Муҳаммадбакиев Шавкат, 28 ёшда. Таксичи, давлатга солиқ тўлаб ишлайди. Йўлда йўловчи олаётганида орқасидан “скорий” келиб қайта-қайта сигнал чалаверган. Одамни олиб кетганидан кейин йўлда ёнма-ён туриб қолишганида “скорий” ҳайдовчисидан “Ҳа ака, касалингиз бормиди?” деб сўраган. Шунда ҳайдовчи унга жуда қўпол сўз билан сўкинган. Икковиям юриб кетганида “скорий” ҳайдовчиси уни қувиб келиб, қисиб тўхтатган. Укамнинг айтишича, ҳайдовчи монтировка, шифокор катта темир калит (ключ) кўтариб тушиб келишган ва укамга ташланишган. Шунда укам ҳам ўзини ҳимоялаш учун машинасидаги аррани кўтариб тушган.

Укамнинг арра билан ҳужум қилиш нияти бўлмаган, аммо улар ташланишгани учун унинг қўлидаги арра ҳар иккисига тегиб кетган ва жароҳатлаган.

Укамнинг қандай дўппосланганини кўрдингиз. Ҳаммалари “16”га (Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига) олиб борилганидан “скорий”дагилар ётқизиляпти, менинг укам эса “енгил жароҳат олган” деб жавоб бериб юбориляпти. Кўп тортишувлардан кейин даволансин деб ётқиздик. Улар ёнма-ён палатага жойлашиб қолишибди. Ҳожатга чиққанида “скорий” ҳайдовчиси буни кўриб қолибди. Шундан кейин орадан 10 дақиқа ўтмай укамга жавоб бериб юборишибди.

Билишимча, уларнинг қайси биринингдир қариндоши катта лавозимни эгаллаган. Ҳамма фактларни укамга қарши ишлатишяпти. Мен ўзим ҳозир вилоятда сафардаман, борганимдан кейин албатта бу иш билан шуғулланаман. Биз уларга нисбатан қонуний чора кўрилишини истаймиз-, деди Шуҳрат ака.