Жамият | 17:44 / 15.08.2019
11289
2 дақиқада ўқилади

Қуёш тиғи остида сотилаётган салқин ичимликлар ва ёғ маҳсулотлари соғлиқ учун хавфлими?

Ёз кунларида шаҳримиз кўчалари бўйлаб айланар эканмиз, йўл ёқаларида ўрик шарбати, морс, квас, айрон, яна аллақандай ранги нотабиий сариқ тусдаги салқин ичимликлар сотилаётганини кўрамиз. Кўчма савдо билан шуғулланувчи шахслар томонидан санитария-гигиена талабларига риоя қилинмай, қўлбола усулда тайёрланиб, сифат назоратисиз сотилаётган бундай ичимликларни истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун хавф туғдириши табиий. Хусусан, улар сотиладиган жойларда ҳам ҳеч қандай шароитлар яратилмаган, ичимликлар қуйиб бериладиган идишлар тозалиги ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади, деб ёзмоқда республика ДСЭНМ матбуот хизмати

Иссиқ кунларда чанқовбосди ичимликларга эҳтиёж ортади албатта, лекин ўз соғлиғини ўйлаган ҳар бир инсон хавфсизлиги ҳамда сифатини кафолатловчи ҳужжати бўлмаган маҳсулотни ҳеч қачон харид қилмайди.

Бундай ичимликларнинг эрталабдан кечгача қуёш тиғи остида туриши масаланинг иккинчи томони. Дўкон эшиклари тагида ҳам тахланиб, қуёшда қизиб ётган турли ичимликлар, ёғ маҳсулотларини кўрганда наҳотки дўкон мудирлари, сотувчилар пластик идишлар қизиганда ўзидан заҳарли моддалар чиқаришни, бу моддалар асаб тизими, юрак қон-томир тизими, аллергик касалликларни, ҳаттоки саратонни келтириб чиқарувчи омил бўлиши мумкинлигини билишмаса деган ўйга борасан киши.

Юқорида келтирилганлардан ҳар бир фуқаро хулоса қилса, озиқ-овқат маҳсулотларини шароит яратилган ва белгиланган савдо нуқталаридан харид қилса, сифати кафолатланмаган ҳар қандай маҳсулот келтириб чиқарадиган салбий оқибатларнинг олдини олган бўламиз. 

Мавзуга оид