Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Булунғур туманидаги «Чорбоғ» маҳалласи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда маҳалла орасидан ўтган «Булунғур» ариғидаги кўприкнинг аҳволи ва у аҳолига, айниқса ёш болаларга хавф туғдириётганлиги баён этилган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Булунғур туманида бўлдик ва «Чорбоғ» маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Маҳалламиздан ўтган «Булунғур» ариғидаги кўприкдан фарзандларимиз 68-умумий ўрта таълим мактабига қатнайди. Аммо кўприк талабга жавоб бермайди ва болалар учун жуда хавфли. Шунинг учун биз ота-оналар хавотирда яшаймиз. Туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилдик. Ҳашар йўли билан қилинглар, дейишди. Ҳашар билан қилганимиз шу ахир. Бундан ортиғини қилолмаймиз. Баҳорда сув жуда кўп келиб кўприкни ҳам кўмди. Болалар ҳафталаб мактабга бормади. Янги ўқув йили яқинлашяпти. Шунинг учун бу муаммо ўқув йили бошлангунга қадар ҳал бўлишини истардик», – дейди маҳалла аҳолиси биз билан суҳбатда.

Ўрганишимиз давомида кўприкнинг аҳволини кўздан кечирдик. Ҳақиқатан ҳам кўприк болалар учун жуда хавфли. Сув тез оқади. Кўприкдан ўтилгандан кейин ҳам мактабгача «Булунғур» ариғи ёқалаб юрилади. Ёғингарчилик вақти ариқ ёқасидаги йўл ҳам буткул лойга айланар экан.

Маълум бўлишича, шу йил баҳорда ёғингарчилик кўп вақти ариқдан сув тўлиб оққан ва кўприкдан ўтишнинг умуман имкони бўлмаган. Шу боис ўқувчилар ҳафталаб дарсга бора олишмаган.

Буни мактаб директори Турғун Ҳайдаров ҳам тасдиқлади.

«Мактабимизга юздан ортиқ ўқувчи «Чорбоғ» маҳалласидан қатнайди. Ўқувчилар ўша кўприкдан ўтиб келишга мажбур. Ҳақиқатан ҳам ўқувчилар баҳорда ҳафталаб дарсга келишолмади», – дейди биз билан суҳбатда Ҳайдаров.

Ушбу муаммо юзасидан ўрганишимиз давомида иштирок этган  туман ҳокимлигининг қурилиш масалалари бўйича бош мутахассиси Алишер Элмуродовдан изоҳ сўрадик.

Туман ҳокимлиги мутасаддиси бу масалани туман ҳокими ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўрганилиб, муаммони бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилишини билдирди.