Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат ЎзА томонидан эълон қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

2019-2021 йилларда қоракўл зотли қўйлар бош сони, жун ва қоракўл тери ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг прогноз параметрлари;

қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этувчи корхоналар рўйхати;

қоракўлчилик соҳасида экспортбоп қоракўлча тери етиштириш ва тиббиёт учун ноёб доривор воситалар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қоракўлчилик хом ашёси етказиб бериш корхоналари рўйхати;

яйловлар ҳосилдорлигини ошириш мақсадида чўл яйлов ўсимликлари уруғчилиги майдонларини кенгайтириш параметрлари;

наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига кучли озуқалар етиштириш мақсадида талаб этиладиган суғориладиган ер майдонларини ажратиш параметрлари;

ўрмон хўжалиги ташкилотларига қарашли узоқ чўл ҳудудларидаги наслчилик қоракўлчилик хўжаликларининг сув чиқариш иншоотлари жойлашган наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига ажратиладиган яйлов ер майдонлари тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси, “Халқ банки” АТБ билан биргаликда мазкур қарорга мувофиқ белгиланган прогноз параметрлар ижросини таъминлаш юзасидан туманлар ва қоракўлчилик субъектлари кесимида манзилли чора-тадбирларни тасдиқлайди ҳамда уларнинг самарали ва тўлиқ ижроси юзасидан тизимли мониторинг ўрнатади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда назарда тутилган ўрмон билан қопланмаган яйлов ер майдонларини хатловдан ўтказиб, уларнинг ўрмон хўжалиги ташкилотларидан наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига ажратиб берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси, Навоий ва Қашқадарё вилояти ҳокимликларининг Навоий вилоятида қоракўл зотли қўйларнинг сур ранги бўйича, Қашқадарё вилоятида қора ва кўк ранги бўйича юқори элита синфли наслдор қоракўл қўйлар етиштиришга ихтисослаштирилган Илмий-наслчилик тажриба станцияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.