Ижтимоий тармоқда Самарқанд вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Сиёб канали чиқиндихонага айлангани тасвирланган расм тарқалганди. Суратларда каналнинг ички ишлар вазирлигига қарашли бўлган реабилитация маркази ҳудудидан оқиб ўтган қисмида чиқиндилар уюми кўринган. Бу ҳолатни ўрганиш мақсадида Улуғбек расадхонаси яқинида жойлашган реабилитация марказига бордик.

Шом вақтида марказга бордик. Бизга марказ муҳандиси Шуҳрат Асадов йўл кўрсатди ва тармоқда тарқалган ҳудудни топиб боришимизга ёрдам берди. У жойга халқ тилида «янги йўл» деб аталадиган кўча орқали бориш мумкин.

"Каналнинг ИИВга тегишли марказга нима алоқаси бор?" дейишингиз мумкин. Гап шундаки, аввал санаторий бўлган ва кейинчалик реабилитация марказига айлантирилган ИИВга қарашли ташкилот ҳудудига Сиёб канали оқиб ўтган ерлар ҳам киради. Каналнинг бир қисми ва унинг атрофидаги 1,2 гектар ер айнан ИИВга тегишли. Шу боис ўша ҳудуддаги каналнинг тозалигига ҳам марказ жавобгар. Суратга олиш жараёнида тармоқда тарқалган чиқинди уюмлари кўринмади, ўша кадрдаги ерни ҳам топдик, аммо у ерда фақат сув ўтлари уюлиб турганди.

Биз билан суҳбатда бўлган марказ муҳандисининг айтишича, тармоқда тарқалган сурат шу кунларда олинмаган. Марказ ходими кадр қачон бўлса ҳам кузда олинганини тахмин қилди. Унинг айтишича, атрофда яшайдиган аҳоли ўз чиқиндиларини айнан Сиёбга ташлайди ва марказ ходимлари ҳар ҳафта қайиққа миниб, чиқиндиларни тозалашга мажбур бўлишади. Биз суратга олган вақтда ҳам сувнинг зилол эмаслигини кўришингиз мумкин, аммо бу яшил нарсалар юқорида айтганимиздек сув ўтлари.




















