14 август куни muslim.uz сайтида «Доллар нархи ошдими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати ошиши юзасидан баъзи кишиларда пайдо бўлган хавотир ноўрин экани ва инсон ризқи Ҳақ таоло томонидан таъмин этилиши баён этилганди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда ушбу мақола атрофида анча-мунча гап-сўзлар бўлиб ўтди. Ҳатто айрим кишилар мақоладаги фикрларга нисбатан истеҳзо қилиш даражасига боришган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати сайтида ушбу мақолага билдирилган фикрларга раддия сифатида «Ғам-ташвиш гуноҳ сабабидан эканини инкор этувчиларга раддия» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда аввалги мақолада инсон бошига келадиган ғам-ташвиш, мусибат у содир этган гуноҳ туфайли экани ояту ҳадислар асосида ёритилгани таъкидланади.

Аммо бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан нотўғри талқин қилинаётгани ва турли ҳақоратлар билдирилаётгани қаттиқ қораланади.

«Бироқ ушбу мақолага айрим ўқувсиз ижтимоий тармоқ юритувчилари масхараомуз фикрларни ўз саҳифасида қолдирган. Аллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари келтирилган мақолани шундай кимсалар «анекдот», дея ҳақоратлашгача бориб етгани ташвишлидир. Мана шундай нодонлар фикри мазмунига етиб бормаган баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билиб-билмай уларни ёқлаб қўйишган. Фейсбукда ҳам, телеграмда ҳам айримлар ушбу фикрларга кулиб турган «смайлик» қолдирган.

Бундай ҳолат ғўр кимсаларнинг диний-маърифий мақола устидан нодонларча кулаётганини кўрсатди. Улар ўйлаб кўрмайдиларми, шу пайтда уларнинг имон-эътиқодлари қай аҳволда экан? Оят, ҳадис, ҳикматларни масхара қилаётганлар оқибати нима бўлар экан?!»

Мақола давомида юқоридаги каби динни нотўғри талқин қилишдан қайтарилади ва Қуръони карим оятлари, пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадислари ҳамда уламолар фатволаридан ўзига хос услубда далил келтирилади.