Иқтисодиёт | 13:14 / 20.08.2019
22058
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси маълум қилинди. Импорт яна экспортдан кўп

Фото: Shutterstock

2019 йилнинг январь-июль ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 24,5 млрд АҚШ долларни ташкил этиб, 6,8 млрд долларга ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,6 %га ошган. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ушбу рақамдан экспорт ҳажми 10,8 млрд долларга (ўсиш суръати – 44,5 %) ва импорт ҳажми эса 13,6 млрд долларга (ўсиш суръати – 34,3 %) етди. Ҳисобот даврида 2,7 млрд доллар қийматида пассив ташқи савдо айланмаси қайд этилди.

Ўзбекистон жаҳоннинг 167 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Унинг ташқи савдо айланмаси дунё давлатлари қаторида нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитойда (18,5%), Россия Федерациясида (14,6%), Қозоғистонда (8,1%), Корея Республикасида (6,5%), Туркияда (5,7%), Германияда (2,2%) ва Қирғизистонда (2,1%) қайд этилган. 

Ташқи савдо айланмаси таҳлили ўсишни кўрсатиб, 2019 йил январь-июль ойларида 24,5 млрд долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,8 млрд доллар қийматга ошган. 

Ташқи савдо айланмасининг таркибий динамикасида ижобий силжишлар кузатилмоқда. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда, ташқи савдо айланмасида экспортнинг улуши 1,8 фоизга ортган. 

МДҲ давлатлари билан анъанавий савдо муносабатлари туфайли ва ташқи савдони ҳар томонлама қўллаб қувватланиши натижасида МДҲга аъзо давлатлар билан ўзаро савдонинг Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасидаги улуши 2019 йилнинг январь-июль ойларида 33,2 %ни (8,1 млрд доллар), ўтган йилги ташқи савдо айланмасига нисбатан 19,5 % ўсишни ташки этди. 

Шу билан бирга, бошқа хорижий ҳамкор-давлатлар билан жорий савдо муносабатлари давом этмоқда. Бошқа хорижий давлатларнинг ташқи савдо айланмасидаги улиши 66,8 %га етиб (16,7 млрд доллар) ўтган йилнинг мос давридаги ташқи савдо айланмасига нисбатан 50,6 % ошган. 

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 йирик ҳамкор-давлатлар орасидан беш давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган, хусусан, Қирғизистон (347,2 млн доллар), Афғонистон (315,6 млн доллар), Тожикистон (88,7 млн доллар), Франция (27,3 млн доллар) ва Эрон (16,2 млн доллар). Қолган 15 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда. 

Мавзуга оид