Ички ва хориж бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, импорт миқдорини камайтириб, экспортни кўпайтириш ва бу орқали иқтисодиётни ривожлантириш давлат олдида турган муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Ушбу мавзуга давлат раҳбари ҳам эътибор қаратиб, яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча тармоқ ва ҳудудлар корхоналарида маҳаллийлаштирилган товар ишлаб чиқариш ҳажмини келгуси 2 йилда камида 20 фоизга ошириш, импорт улуши юқори бўлган товарларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур тайёрлаш зарурлиги борасида ҳам тўхталиб ўтди.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон саноатида маҳаллийлаштириш дастури ва ишлаб чиқариш таҳлиллари бўйича Савдо-саноат палатаси масъул ходими  Ғафуржон Усмонов билан суҳбатлашди.

Маҳаллий ишлаб чиқариш дастурининг Ўзбекистон учун аҳамияти ва бу борада айни пайтда амалга оширилаётган асосий лойиҳалар ҳақида маълумот берсангиз.

— Ривожланаётган давлатлар иқтисодиётида барқарор ривожланишни таъминлаш, иқтисодиётни бир томонлама ривожланишини олдини олиш, саноат тармоқларини барпо этиш ҳамда чет эл маҳсулотларига бутунлай қарам бўлиб қолмасликлари учун импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга катта эътибор берилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва бундай лойиҳаларни, айниқса, ҳудудларимизда кўпроқ амалга ошириш устувор йўналишлардан саналади.

Шунинг учун республикада жорий йилнинг 6 ой якунларига кўра, 200тадан ортиқ маҳаллий корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи қарийб 500тадан ортиқ инвестицион лойиҳалар амалга оширилиб, 7,9 триллион сўм миқдорида маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилган.

Импорт ўрнини босувчи лойиҳаларни амалга оширишда албатта, иқтисодиётдаги тармоқларнинг ривожланиш даражаси, республикамизда хом ашё ресурслари мавжудлиги, саноат тармоқларининг четдан импорт қилинадиган товарларга қанчалик боғлиқлиги ва уларнинг ҳажми, шунингдек, саноат тармоқлари учун ишлаб чиқаришда доимий равишда талаб этилиши, зарур инфратузилма мавжудлиги ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотга, умуман иқтисодиёт тармоқларида талаб қай даражада бўлиши мумкинлиги ўрганиб борилади.

Агар маҳсулот экспортга йўналтирилса, ташқи бозорда ҳам унга талаб бор-йўқлиги аниқланади ва шу асосда маҳаллийлаштириш лойиҳаси амалга оширилади.