Иқтисодий ривожланиш маркази директори, иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистон валюта бозоридаги сўнгги ўзгаришларга изоҳ берди.
«Менимча, 2017 йил сентябрь ойида валюта бозорини эркинлаштириш билан бир вақтда нақд валютани эркин сотишни жорий этиш керак эди. Нима учун бундай қилинмаганлиги мен учун ҳалигача сир бўлиб қолмоқда. Ҳеч ким бизга аниқ тушунтириш бермади. Менинг фикримча, ушбу қарор ортида асоссиз стереотиплар ва қўрқувдан бошқа нарса йўқ эди», - дейди у.
Иқтисодчининг фикрича, нақд валютани сотишни чеклаш қора бозорда ҳамон сезиларли айланмалар сақлаб қолинишининг муҳим сабабларидан бирига айланди.
«Бироқ, ушбу чеклов олиб ташланиши билан қора бозор йўқолмайди, унинг ҳажми бироз қисқаради. Гап шундаки, қора бозор мавжудлигининг бошқа сабаблари ҳам бор: айирбошлаш шохобчаларининг етишмаслиги, уларнинг ишлаши учун чекланган вақт; айрим тоифадаги товарлар учун (масалан, маиший техника) юқори бож тўловлари ва импорт учун бошқа сунъий тўсиқлар туфайли сақланиб қолаётган контрабанда ва яширин импортнинг катта ҳажми», - дея таъкидлаб ўтди иқтисодчи.
Юлий Юсуповнинг сўзларига кўра, яқин вақтгача Марказий банк валюта курси тебранишларини назорат этишга ҳаракат қилиб келди. Энди курс эркин шаклланишга қўйиб юборилмоқда ёки, ҳеч бўлмаганда, назорат йўлаги сезиларли даражада кенгаймоқда.
«Мен илгари ҳам Марказий банкнинг сўм курсининг қулашига йўл қўймаслик бўйича ҳаракатлари хато эканини ёзган эдим. Бироқ, дунёнинг деярли барча Марказий банклари ўз вақтида бундай хатоларга йўл қўйган. Ва хатолардан хулоса чиқарган. Табиийки, биз бошқаларнинг хатоларидан ўрганмаймиз. Ўзимизникидан ўрганамиз. Ҳеч бўлмаганда шундай.
Нима учун курсни сунъий равишда ушлаб туриш имконсиз эди?
Биринчидан, эртами-кечми уни қўйиб юбориш керак бўлади, ўшанда кучли сакраш юз беради (ҳозир шу кузатилмоқда). Иккинчидан, агар девальвация инфляциядан ортда қолса (бу ҳолат икки йил давомида кузатилди), унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бундан зарар кўради. Бу сўмнинг реал айирбошлаш курси ўсишини англатади. Шу билан бирга, маҳсулотларимиз экспорти қимматлашмоқда, мамлакатга импорт эса арзонлашмоқда. Натижада ишлаб чиқарувчилар иккита зарба оляпти: уларнинг маҳсулотлари ҳам ташқи, ҳам ички бозорда рақобатбардошликни йўқотмоқда», - деди иқтисодчи.
Шу билан бирга, у айирбошлаш курсларининг қисқа муддатли тебранишларини башорат қилишнинг иложи йўқлигини қўшимча қилди.















