14:33 / 22.08.2019
5589

Абдулазиз Комилов АҚШ давлат котиби ўринбосари билан музокаралар ўтказди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатга амалий ташриф билан келган АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейлни қабул қилди.

ТИВ хабарига кўра, учрашувда икки томонлама муносабатлар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар бугунги кунда кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари жўшқин ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар. Бунга турли даражадаги фаол мулоқотлар йўл очди. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил май ойида Вашингтон шаҳрига расмий ташрифи ва президент Дональд Трамп ҳамда АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали аъзолари билан бўлиб ўтган музокаралар ҳал қилувчи воқеа бўлди.

АҚШ билан инвестиция, мамлакатни иқтисодий ва технологик модернизация қилиш учун технологиялар ва илғор АҚШ тажрибасини жалб қилишдир соҳасида яқин ҳамкорлик Ўзбекистон учун муҳим устувор йўналиш эканлиги таъкидланди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги конструктив алоқаларни чуқурлаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро манфаатли барча соҳаларда муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қатъий содиқ эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Дэвид Хейл Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни юксак баҳолади ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда, шу жумладан таълим алмашувини фаоллаштиришда кўмак беришга АҚШ томони тайёрлигини тасдиқлади.

Йиғилишда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Музокараларда АҚШ элчиси Даниэл Розенблюм иштирок этган.

Бундан олдин, АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл Ўзбекистонга келиши хабар қилинганди.

Top