16 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Миробод туманида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда шаҳар ҳокимидан ташқари унинг ўринбосарлари ва Миробод туман ҳокими Шуҳрат Пўлатов ҳам иштирок этган.
21 июнь куни интернетда ушбу учрашув вақтида ёзиб олинган аудиоёзувлар тарқалди. Бу аудиоёзувлар орқали учрашув давомида Тошкент шаҳри ҳокими шикоят қилиб келганларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани кўрсатилган.
«Озодлик» радиоси маълумотига кўра, Миробод туманида яшовчи 10дан ортиқ киши шаҳар ҳокими қабулига Нукус кўчасидаги 88-уй ва 1-Миробод тор кўчасидаги 5-уй орасидаги 60 метрлик бўш майдонни савдо мажмуаси қуриш учун хусусий тадбиркорга бериш қарорини бекор қилишни сўраб келганди.
Қайд этилишича, бу мирободликлар ва шаҳар ҳокимининг мазкур масаладаги учинчи учрашуви бўлган.
Тарқатилган аудиоларда мирободлик шикоятчилар Жаҳонгир Ортиқхўжаевга 2017 йили шаҳарнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг қарори билан машиналар тураргоҳи ва болалар майдончаси бўлган ернинг қурилишга берилганини шаҳарсозлик кодекси ва санитария талабларига зид эканини тушунтиришгани эшитилади.
«Тўққиз қаватли уйлар орасида камида 45 метр масофа бўлиши керак, бу қурилиш қилинса, орада фақат 20 метр жой қолади - бу қонунга хилоф. Болаларимиз қаерда ўйнайди, қарияларимиз қаерга чиқиб нафас ростлайди? Бу ерни хусусий тадбиркорга бериш - ноқонуний. Уни ҳеч қандай аукционсиз ҳоким қарори билан сотиб юбориш эса қонунни такрор бузишдир», дейди норози шикоятчилардан бири.
Видеокамера қаршисида мурожаатчилар вакилининг сўзларини бўлмасдан эшитган ҳоким мурожаатчилар «агар муаммо ҳал қилинмаса, президент қабулхонасига бориш, болаларни олиб митингга чиқиш» ҳақида огоҳлантиришганидан кейин ҳиссиётга берилиб, уларга бақира бошлайди.
«Мени судга беринг! Қаерга истасангиз... Боринг, Худо ҳаққи мени судга беринг!.. Сиз мени айблаяпсиз, худди мен атайлаб қилгандай!.. Боринг, қаерга истасангиз боринг! Мен бу ишлардан чарчадим... Истасангиз президентга боринг, истасангиз Худога боринг!.. Мен сиз билан хотиржам гаплашиб, бу масалани ҳал қилмоқчи эдим. Энди истасангиз, шикоят қилиб Брюсселга боринг, марҳамат!», дея столни уриб баланд овозда рус тилида гапиради ҳоким.
У баланд оҳангда давом этади: «Ҳеч ким мен билан бундай гаплашишга ҳақли эмас, мен нафақат ҳоким, балки шу мамлакат фуқаросиман, худди сиз каби... Қаерга борсангиз боринг! Истасангиз - исён қилинг, истасангиз - пикетга чиқинг. Мен нима қила оламан. Мен қонунга қарши бормайман...














