Иқтисодиёт | 15:30 / 23.08.2019
97696
2 дақиқада ўқилади

Сўм валюта биржасида мустаҳкамланишда давом этмоқда

Ўзбекистон Республика валюта биржасида 23 август кунги савдолар натижасида сўм 1 АҚШ долларига нисбатан яна мустаҳкамланди. Бундан валюта биржасидаги маълумотлар дарак беряпти.

Хусусан, 22 август кунги савдоларда 1 АҚШ доллари 9371 сўмдан сотилган бўлса, 23 августда бу кўрсаткич 1 АҚШ долларига 9366 сўмни ташкил этди.

23 август куни биржада савдолар ҳажми ҳам бироз кўтарилган - 74.11 млн доллар. 22 август куни ушбу кўрсаткич 66.20 млн долларга тенг бўлганди.

Сўнгги марта сўм июль ойида мустаҳкамланганди, ўшанда 1 АҚШ доллари учун 8659 сўмдан сотилган, сўнг энг юқори кўрсаткичга кўтарилди ва 20 августда 1 АҚШ доллари учун 9384 сўмдан савдо қилинди. Савдолар ҳажми 154 миллион долларгача кескин ўсди - бундай ҳолат июнь ойидан бери содир бўлмаган.

20 август куни Марказий банк валюта курслари энди бозорда мустақил шаклланиши ҳақида маълум қилди.

«Марказий банк томонидан валюта учун белгиланган 0.5 фоизли курс тебраниши бекор қилинди. Бу фарқ энди валюта сотувчилар ва сотиб олувчилар томонидан белгиланишига қарор қилинди. 0,5 фоизли чегирманинг борлиги валюта бозори иштирокчилари манфаати учун зид, деган қарорга келинди», - дея айтиб ўтди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов.

Бундан олдин, сотувларнинг биринчи куни банклар томонидан қанча нақд доллар сотилгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид