16:07 / 24.08.2019
7
49945

Янги парламент ҳақида ўйлар – бизни нима кутяпти?

Парламент сайловларига яқин қолди. «Нима бўпти» дейсизми? Тўғри, ўтган давр мобайнида сайловларнинг кўпини ўтказдик – бўлиб ўтгани билинмай ҳам қоларди. Аммо...

Ҳозир қандай даврда яшаб турганимизни ҳисобга олиб, кейин ўйлаб кўрадиган бўлсак, келаётган парламент сайловлари ҳаммамиз учун шаксиз улкан аҳамият касб этишини тушуниб оламиз. Зеро дераза ортида, 2009 йил эмас, балки 2019 йил!

Биз мамлакатимизни ривожланган демократик, эркин иқтисодиётга эга давлатлар қаторига қўшишга киришдик. Бу эса, хусусан, фаол, реал ишлайдиган, тўғрисини қўрқмай гапира оладиган, таклиф ва ечим берадиган, юқоридан буйруқ кутмайдиган депутатлардан таркиб топган парламентсиз бўлмайди. Шу юртга хайрихоҳлиги бор барча аҳл айнан шундай парламентни кутиб турибди. Бизга ўзининг мантиқли жарангдор овози бор парламент керак.

Кейинги 5 йиллик мамлакат учун фавқулодда аҳамият касб этишини барча бирдек тан олмоғи лозим – шу 5 йилликда янги Ўзбекистоннинг янги пойдевори барпо қилиниши керак бўляпти – ижтимоий-иқтисодий қайта қуришнинг қонунчилик асослари барпо қилиниши, воқелигимизни ҳисобга олган ҳолда дунё стандартларига мувофиқлаштирилиши керак бўляпти. Пойдевор бино мустаҳқамлиги учун қанча оламшумул аҳамиятга эга бўлса, парламентнинг мамлакат янги пойдеворини қуришдаги ўрни ҳам ўшанча – оламшумул.

Инчунун ҳар бир, ўзини депутат ёки сенатор ўриндиғида кўришга шайланган киши яхши ўйлаб олиши керак, бундай вазиятда бу ўриндиқда Ватанга фойда келтира оладими, янги Ўзбекистоннинг пойдеворини қуришга билими, савияси, жасорати, фидокорлиги, ҳақгўйлиги етадими – шуларни ўйлаб кўрмоғи лозим. Масъулият катта.

Партиялар раҳбарларининг масъулияти янада катта. Партия раҳбари мустаҳкам позициясига эга, мамлакатда юз бераётган воқеаларга мунтазам муносабат билдириб турувчи, ўзи бошқараётган партия муносабатини оммага баралла етказиб тура оладиган киши бўлмоғи керак.

Барча тоифадаги йиғилишлар ўзаро қизғин фикр ва муносабат билдиришлар, мулоқот жараёнида энг оғриқли нуқталарга урғу бериш ва ечим излаш муҳитида ўтмоғи лозим. Ривожланган демократик давлатлардаги каби. Партия раҳбарлари мамлакат президенти билан учрашиш  имкониятини зое қилмасдан, ўз ғояларини изҳор этиш мақсадида фурсатини бой бермаслик руҳида яшайдиган кишилар бўлмоғи лозим. Президент билан учрашув куни – янги ғоя ва муаммоларни унга етказиш куни бўлиши керак. Шундай руҳда яшасаларгина партия раҳбарлари президентга ёрдамчи бўла олишади. 

Масаланинг иккинчи томони – биз – сайловчилар. Вазиятнинг юқори аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда биз сайловчилар масъулиятимиз даражасини юқорилатишимиз шарт. Зеро депутат ва сенаторларни айнан биз сайлаймиз, бошқа биров эмас. Ҳар биримиз сайлов участкаларимиздан ким сайланяпти – қизиқишимиз, йиғилишларга боришимиз ва лозим бўлса муносабат ва эътирозларимизни билдиришимиз, шу билан том маънода сайловларда иштирок этмоғимиз лозим. Айни шу ишимиз сайлов жараёнига ҳаёт бағишлайди, сайловни сайлов қилади ҳамда депутат бўлишга нолойиқ бўлган шахсларни депутат бўлиш истагидан қайтарувчи омил бўлади.    

Мамлакатни янги рельсларга ўтказиш – ўта масъулиятли иш. Зеро нотўғри рельсга тушиб қолган поездни кейин тўғри рельсга тушириш – ўта оғир, кўп ҳолатларда қурбонликлар билан кечадиган жараён. Зотан «поезд»имизни аввалбошдан тўғри рельсларга турғазишимиз лозим, бу учун эса бизга оқил, одил, жасур кишилардан иборат машварат – парламент керак.

Шокир Шарипов

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top