Бразилия президенти Жаир Болсонару мамлакат армиясига Амазонка ўрмонларидаги ёнғинларни ўчиришда қатнашишни буюрди.
«Армияда хизмат қилган вақтимда Амазонка ўрмонларини севишни ўрганганман ва уларни ҳимоя қилишга ёрдам бермоқчиман», — деди Болсонару телевидение орқали мурожаатида. Бир ой муддат давом этадиган операцияга 44 минг ҳарбийни жалб этиш режалаштирилган. Зарурат туғилса, операция узоқроқ давом этиши мумкин. Амазонка ўрмонларининг 60 фоиздан ортиғи Бразилияда, 13 фоизи Перу, 10 фоизи Колумбия, қолган қисми эса Жанубий Американинг қўшни давлатларида жойлашган.

Амазония тропик ўрмонларини ОАВ кўпинча «сайёранинг ўпкаси» деб аташади, чунки таъкидланишича, улар фотосинтез жараёнида сайёрадаги кислороднинг 20 фоизга яқинини ишлаб чиқаради. Иқлим ўзгариши бўйича мутахассис Жонатан Фоли ҳақиқатда бу рақам 5 фоизни ташкил этишини айтади. Аммо Фолининг сўзларига қараганда, Ер юзидаги биохилма-хилликнинг ярмига яқини тропик ўрмонларда, катта қисми эса айнан Амазонияда жойлашган. Маълумотларга кўра, ўрмонлар атмосферадаги ис газининг 25 фоизгачасини ютади.
Экологларнинг ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан бери ёнғинлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 82 фоизга ошган. Гап бутун Бразилия ҳудудидаги 79,5 мингта ва Амазонка ўрмонларидаги 40 мингга яқин ёнғин ҳақида кетмоқда.
Ўрмон ёнғинлари табиий равишда юз берадиган бошқа экотизимлардан фарқли ўлароқ, Амазонка ўрмонларидаги ёнғинларнинг сабаби фақатгина одамлар бўлиши мумкинлигига олимларнинг ишончи комил. Бу ерда гап хўжалик мақсадларида ўрмонларга ўт қўйилиши ва унинг бошқариб бўлмас ёнғинга айланиб кетиши ҳақида бормоқда.
The New York Times газетасининг ёзишича, Бразилия ҳукумати кўп йиллар давомида Амазонка ўрмонларини ҳимоя қилаётган мамлакат имижига эга бўлган. Атроф-муҳит муҳофазаси билан шуғулланувчи ташкилотлар бюджети оширилган, қўриқланувчи табиат ҳудудларидан хўжалик мақсадларида фойдаланганлик учун кўпсонли жарималар киритилган. Аммо 2014 йилдан сўнг Бразилия узоқ давом этувчи иқтисодий инқироз остида қолди ва сайловолди кампаниясида Болсонару иқтисодиётни жонлантиришга ваъда берди – хусусан ўрмонлар эгаллаган ерларан фойдаланиш ҳисобига. 2019 йил январдан, у президентлик лавозимига киришганидан буён ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 фоизга кўп ҳудуд ўрмонлардан тозаланди.
















