«Катта еттилик» давлатлари Биарриц шаҳридаги учрашув вақтида Россияни гуруҳга қайтариш масаласини муҳокама қилишди.
АҚШ президенти Дональд Трамп учрашувдан аввалроқ «Катта саккизлик»ни тиклашга қарши эмаслигини айтаётганди, қолган аъзолар эса Россияни қайтаришга тайёрмаслиги маълум бўлди.
«Россия қайтишини истайдиган одамлар бор. Менимча ҳам бу кўпчиликка фойдали бўлади. Менимча ҳам бу ижобий қадам. Мен билан ҳамфикрлар бор ва биз буни муҳокама қиламиз», деганди Трамп саммитдан олдин журналистлар қаршисида.
Франс-Пресс хабарига кўра, учрашувда ташкилотнинг бошқа аъзолари Россияни гуруҳга қайтаришга ҳали жуда эрта эканини билдиришган.

Дональд Трамп эса россияликлар президенти Владимир Путинни «еттилик»нинг 2020 йилда АҚШда ўтадиган саммитига меҳмон сифатида таклиф қилмоқчи.
Трамп аввалроқ ҳам Россияни «Катта еттилик»ка қайтаришни «мақсадга мувофиқ қарор» деб атаганди. «Бу «Саккизлик» бўлиши керак, чунки Россия билан боғлиқ жуда кўп масалалар бор», деганди Трамп.
Европа Кенгаши раҳбари Дональд Туск эса америкаликлар президенти билан ҳамфикр эмас. Унинг сўзларига кўра, G7 давлатларида Россияни қайтаришга шошилмаслик учун 2014 йилдагидан кўра кўпроқ саволлар бор.
Путин: ҳеч нарсадан бош тортмаймиз

«Бир йил муқаддам Канадада президент Трамп Россияни G7 аъзолигига қайтаришни таклиф қилиб, Қрим аннексияси қисман оқлангани ҳақида очиқ гапирганди. Аммо биз бунга қўшила олмаймиз. Биз ҳар қандай шарт эвазига ҳам бундай мантиқ билан келиша олмаймиз», деди Туск.
Биаррицдаги дипломатик манбалар маълумотига кўра, G7 етакчилари Украина шарқидаги вазиятни ҳал қилиш учун Россия билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қарши эмас. Аммо «Катта еттилик»дагилар G8 форматига қайтиш учун ҳали жуда эрта деб ҳисоблайдилар.
Ўтган ҳафта аввалида Германия, Франция ва Британия ҳукуматлари ҳам Россияни қайтариш таклифини қўллаб-қувватламаслиги маълум бўлганди. Франция президенти Эммануэль Макрон ҳозир Москванинг гуруҳга қайтарилиши стратегик хато бўлиши, фақат Украина шарқидаги инқироз ҳал қилинсагина «Катта саккизлик» форматига қайтилишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу масала ҳал қилиниши Россиянинг гуруҳга қайтиши шартидир.















