Жамият | 11:21 / 26.08.2019
7817
5 дақиқада ўқилади

Kun.uz сайтида ёритилгандан сўнг: Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги муносабати

Фото: KUN.UZ

2019 йил 20 август куни Kun.uz сайтида Олмалиқ шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан боғлиқ айрим муаммолар ёритилган, амалга оширилган ёки режалаштирилаётган ишлар юзасидан мақола эълон қилинган эди.

Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги мухбир Толиб Раҳматов муаллифлигида эълон қилинган “Маблағ йўқ. Олмалиқ шаҳрини ободонлаштириш учун ажратилган маблағлар нимага сарфланмоқда?” номли мақолага ўз муносабатини билдирди.  

1.Олмалиқ шаҳрининг Ибн Сино, Улуғбек ва Ҳамид Олимжон кўчаларида таъмирлаш ишлари охирига етказилмаганлиги бўйича:

- Ибн Сино ва Ҳамид Олимжон кўчаларининг 1600 м2 майдони 2017 йил “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан ҳомийлик асосида таъмирланган. Улуғбек кўчасининг 600 м2 майдони эса жорий йил 20 августда жорий таъмирланди.

2. Мурожаатчининг “Дарахтлар қуриб кетяпти, ҳеч ким эътибор қилмаяпти. Беш-олтита одамнинг югургани билан ҳеч нарса бўлмайди. Ҳокимлик вакиллари халқни эшитса, бирга ишласа, бунақа ҳолатлар бўлмайди, деб ҳисоблайман” деган важи бўйича:

- бундан бир йил аввал ҳам шаҳар кўчаларида суғориш тизими деярли бўлмаган, мавжудлари ҳам ўз муддатини ўтаб, яроқсиз аҳволда эди. Шу боис мавжуд дарахтларнинг айримларида қовжираш ҳолатлари кузатилган. Кўчаларни таъмирлаш каби масалаларнинг барчаси моддий маблағга бориб тақалади. Бюджетдаги маблағлар эса босқичма-босқич, маълум дастурлар асосида ажратилади. Бирданига ички кўчаларнинг барчасига маблағ ажратишнинг имкони йўқ.

Мурожаатчи назарда тутган Ибн Сино МФЙ, “Шуҳрат” ХУЖМШга қарашли 30 м2 пиёдалар йўлакчаси (тротуар) ҳомийлик ва ҳашар йўли асосида жорий йил 31 августгача таъмирланиши режалаштирилмоқда. 5-умумтаълим мактабининг йўли эса А.Навоий кўчасида жойлашган бўлиб, 2018 йил “Обод маҳалла” дастури асосида мукаммал таъмирланган. Мурожаатчининг ушбу важи асоссиз.

3. “ Бу ишлар “Обод маҳалла” дастури доирасида ўтган йили қилиниши керак бўлган, лекин ҳокимият томонидан пул ажратилмади. “Обод маҳалла” бўлиб, кейинги маҳаллага ўтиб кетди. “Абдулла Авлоний” маҳалласи бу йилги “Обод маҳалла” дастурига киритилган, лекин у ерда ҳам ободликдан ҳеч нарса йўқ. Айнан пиёда йўлаклари таъмирланмагани боис, аҳоли ҳаётига хавф туғилмоқда. Нимага? Чунки, йўлак бўлмагани сабабли, аҳоли автомобиль йўлидан юришга мажбур бўлмоқда. Йўлга эса, 2 та машина зўрға сиғади. Йўлакда кетолмаган пиёда йўлга чиқса, ҳаёти хавф остида қолмоқда”, деганда ҳам мурожаатчи асоссиз важ келтирган бўлиб, бу борада у тўғри ахборотга эга эмас. Ваҳоланки, маҳаллий ОАВлари орқали ҳар йили “Обод маҳалла” дастури асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида оммага расмий ахборот етказилган. 

“Абдулла Авлоний” МФЙ эса жорий йилги “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, ҳудуддаги 1 км пиёдалар йўлакчаси дастурга киритилган ва 2019 йилнинг охирига қадар амалга оширилиши маълум қилинади.  

4. Ҳамид Олимжон кўчасига 20 та ташқи ёритгич чироқлари ўрнатилгани, 12 тасининг ўрни тайёрлангани ҳолда ўрнатилмай қолганининг сабаби:

- 2017 йили шаҳар ҳокимлиги Ҳамид Олимжон кўчаси ташқи ёритиш чироқларини ўрнатиш бўйича “BEK SAVDO TEX SERVIS” МЧЖ билан 230,566,661 сўмлик шартнома имзолаган, аммо шартнома талаблари тўлиқ бажарилмаган. Ҳокимлик томонидан 95% маблағ молиялаштирилиб берилган, лекин бугунги кунда ўрнатилган чироқлар сони 20 та, ўрнатилмаган чироқлар сони 12 тани ташкил қилади. Шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармасига пудратчи ташкилот “BEK SAVDO TEX SERVIS” МЧЖ томонидан фойдаланишга топшириш далолатномаси тақдим этилмаган. Ҳозирда ушбу масала бўйича шаҳар прокуратураси томонидан текширув олиб борилмоқда. 

5. Мурожаатчининг Улуғбек кўчаси, 31а-уй ноқонуний қурилган, деган фикрда бўлишига сабаб, мазкур уй алоҳида панжара билан ўралган бўлиб, 2015 йил 21 май куни шаҳар ҳокимлигининг хусусийлаштириш бўйича №313-сонли қарори қабул қилинган. Бундан аввал эса мазкур уй тўлиқ битказилмай анча вақт қаровсиз бўлиб ётган. Фуқаронинг ушбу маълумоти ҳам асоссиз бўлиб, 31а-уйнинг барча ҳужжатлари мавжуд.

6. Мурожаатчиларнинг “Бўка-Олмалиқ” магистрал автойўлининг Улуғбек кўчаси билан туташиб кетган қисмига илгари Тошкент вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси светофор ўрнатиш бўйича ижобий хулосасини билдирмаганлиги сабабли светофор ўрнатилмаган. Шу боис фуқарода ҳақли эътироз пайдо бўлган.

 “Оҳангаронавтойўл” томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг сентябрь ойи якунига қадар “Бўка-Олмалиқ” магистрал автойўлининг Улуғбек кўчаси билан туташиб кетган қисмига светофор ўрнатиб берилиши белгиланган.

Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги.

Мавзуга оид