Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига улар Ватанга қайтиб келганидан кейин ишсиз ва банд бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва касбий таълимнинг бошқа муассасалари, шу жумладан, нодавлат касбий таълим муассасаларининг касбга ўқитиш марказларида, кейинчалик ишга жойлаштириш учун, шу жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига грантлар бериш йўли билан талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича бепул касбий ўқитиш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни назарда тутувчи меҳнат, ижтимоий ва психологик қайта интеграциялашувида кўмаклашиш шаклларини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург, Новосибирск, Волгоград, Пятигорск (Россия Федерацияси), Истанбул (Туркия), Нур Султон (Қозоғистон), Дубайда (Бирлашган Араб Амирликлари) Агентлик маблағлари ҳисобига ваколатхоналарини очиш, кейинчалик маблағларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобига қоплаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрадилар;

2021 йил 1 мартгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани (патентни) тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматлари кўрсатиш ваколатига эга бўлган Россия органлари ва ташкилотларининг филиалларини (фронт-офисларини) очиш бўйича Россия Федерацияси минтақалари (Татаристон Республикаси, Приморье ўлкаси, Санкт-Петербург шаҳри, Красноярск, Новосибирск, Ростов, Ленинград ва Свердловск вилоятлари, шунингдек, Урал федерал округининг Ханти-Мансийск ва Ямал-Ненец автоном округлари) билан музокаралар ўтказадилар;