Ўзбекистон | 14:50 / 27.08.2019
7409
3 дақиқада ўқилади

«Шарқ тароналари»: Гран При – 10 000 АҚШ доллари. Маданият вазири журналистларга маълумот берди

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев иштирокида «Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивали доирасида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.

«Бу йилги фестивалда 75 давлатдан 340 нафар вакил иштирок этмоқда. Кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган фестивалнинг тантанали очилиш маросимида мусиқа ва санъат аҳли билан бирга кўплаб халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ўндан ортиқ хорижий давлатлар маданият вазирлари, шаҳарлар мэрлари, сенатор ва депутатлар иштирок этди.

Анжуманнинг нуфузли меҳмонлари қаторида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хонимнинг маросимда қатнашиши ва иштирокчиларни табриклаши ҳам фестивалнинг аҳамияти қанчалик юксак эканлигидан далолат беради.

Фестивал танлов дастурларида эса 32 давлатдан мусиқий жамоа, хонанда ва созандалар қатнашади. Улар орасида Аргентина, Мьянма давлатлари ва Фужи ороллари вакиллари «Шарқ тароналари»да илк бор иштирок этмоқда. Бугун кеч соат 19:00дан Регистон майдонидаги асосий саҳнада танлов жараёнлари бошланади. Жамоаларнинг чиқишлари Самарқанд вилояти телерадиокомпанияси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги кўчаларда ўрнатилган катта мониторларда намойиш этилади.

Бу галги фестивал Гран-При соҳибига 10 минг доллар миқдорида пул мукофоти белгиланган. Иккита биринчи ўрин эгаларига 5 минг доллардан, иккита иккинчи ўринни эгаллаганларга 3,5 минг ҳамда учта учинчи ўрин соҳибларига 2 минг доллардан мукофотни пули берилади. Шунингдек, «Энг ёш иштирокчи», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси» каби номинацияларда ҳам ғолиблар махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Фестивал қатнашчилари танлов дастуридан бошқа вақтларда Самарқанд шаҳрида ҳамда Оқдарё, Самарқанд, Паст Дарғом, Тойлоқ, Ургут ва Жомбой туманларидаги истироҳат боғлари, маданият муассасаларида ижодий учрашувлар, концертларда қатнашади», дея Маданият вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

30 август куни кечки пайт Регистон майдонида фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросими ва гала концерт уюштирилади.

Анвар Мустафоқулов
Тайёрлаган Анвар Мустафоқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид