2018 йил 27 июнь санаси юртимиз ёшлари ҳаётида янги саҳифа очилган кун сифатида тарихга муҳрланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан «Yoshlar – kelаjagimiz» Давлат дастури тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг муҳимлиги шундаки, у жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шунингдек ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган эди.

Хабарингиз бор, мазкур дастурнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси ташкил этилди. Ҳозирда республикамизнинг барча туман-шаҳарларида Жамғарма филиаллари тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшларга тўғри йўналиш бериб, банкдан кредит олишига кўмаклашиб, ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Тадбиркорлик қилмоқчимисиз?! Унда «Ёшлар - келажагимиз» жамғармасига мурожаат қилинг!

Тадбиркорлик нима? Тадбиркор бўлиш учун, аввало, нималарга эътибор қаратиш керак? Бугун юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қандай имконият ва имтиёзлар мавжуд? Бу ҳақида жавоб олмоқчи бўлсангиз, ҳудудингиздаги «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармасига мурожаат қилинг. Чунки у иш сўраганга иш, кредит сўраганга кредит, ер сўраганга ер бера оладиган тузилмага айланиб улгурган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси томонидан жорий йилда Давлат дастури қамровини янада кенгайтириш бўйича Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги таклифлари асосида жами 8 913та бизнес лойиҳалари ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда соҳалар кесимидаги манзилли рўйхати ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳалар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича республиканинг барча туман-шаҳарларидан таклиф қилинган лойиҳалар ичида энг истиқболлиларидир.

«Yoshlar – kelajagimiz» ҳам тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашади, ҳам иш билан таъминлайди.