Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида «Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси» доирасида халқаро экспертлар ва тегишли вазирликлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу давра суҳбатида Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари Жасур Ариповнинг таъкидлашича, узоқ муддатли барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 5та устувор йўналиши бўйича «Ҳаракатлар стратегияси»нинг мантиқий давоми сифатида «Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси» ишлаб чиқилган.
«Бирлашган Араб Амирликлари, БМТ, БМТ тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки экспертлари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда муҳокамалари ўтказилиб, уларнинг таклиф ва тавсиялари асосида концепция такомиллаштирилиб, 2030 йилгача Ўзбекистонни ўртадан юқори давлатлар сафига киритишнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинган», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, концепция доирасида қилинадиган асосий ишлар дастури белгилаб олинган:
- макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш;
- бозор иқтисодиётига ўтишни тезлаштириш;
- фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ва хизматини мустаҳкамлаш, демографик омилнинг ўсишини самарали иқтисодий ўсишга айлантириш,
- кучли бозор иқтисодиётида давлатнинг ролини такомиллаштириш;
- минтақавий омилдан самарали фойдаланиш;
- иқтисодий ўсиш ва таркибий ўзгаришларни таъминлашда аниқ мақсадли инвестиция сиёсатини олиб бориш;
- атроф-муҳитдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
- Концепция инсон капиталини ривожлантиришнинг янги модели, натижага асосланган инвестиция сиёсати ва ҳудудлар потенциалидан самарали фойдаланишни мақсад қилган.
Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси» доирасида берилган маълумотларга қараганда, 2030 йилда Ўзбекистон аҳолиси 39 миллионга етиши тахмин қилинмоқда.















