Ўзбекистон | 16:43 / 02.09.2019
13289
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илғор ўқитувчиларнинг дарслари видеотасвирга олиниб, интернетга жойлаштириб борилади

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида илк бор эълон умумтаълим мактаблари рейтинг натижалари видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинганди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизматига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги раҳбарлари ҳамда давлат инспекцияси ва вазирликнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирлари ва мактаб раҳбарлари иштирок этган йиғилишда умумтаълим мактабларида таълим сифатини оширишга тўсқинлик қилаётган ҳолатлар муҳокама қилинди.

Хусусан, Давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар фаолиятини замон талаблари даражасида эмаслигига тўхталар экан, ўқитиш методлари ва педагоглар малакасини ошириш учун белгиланган муддатлар ҳозирги тезкор давр талабларига жавоб бермаслигини айтиб ўтди.

Йиғилишни бошқариб борган бош вазир ўринбосари томонидан ушбу йўналишда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш лозимлиги таъкидланиб, ҳар бир фан бўйича энг илғор ўқитувчиларнинг дарсларини мавзулар кесимида видеотасвирга олиш ва интернет тармоғида жойлаштириб бориш учун алоҳида тизим яратиш вазифаси топширилди. Мазкур тизим орқали педагоглар ўзаро тажриба алмашишлари, энг яхши дарслар учун овоз бериб бориб имконияти яратилиши ва келгусида ушбу тизимда энг кўп овоз йиққан ўқитувчилар ва таълим муассасалари рейтингида балл қўшилиши айтиб ўтилди.

Якунда ҳудудий халқ таълими бошқармалари раҳбарлари ва мактаб директорларига янги йўлга қўйиладиган тизимни ўқитувчилар ўртасида кенг тарғиб қилиш ва улар орасида энг фаолларини рағбатлантириб бориш вазифаси топширилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид