Бугун, 1 сентябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида биринчи босқич курсантларининг «Ҳарбий қасамёд» қабул қилиш тантанали маросими ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ФВВ Ёнғин хавфсизлиги институти матбуот хизмати хабар берди.



Унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти,
Ёнғин хавфсизлиги институти шахсий таркиби ҳамда профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва бир қатор бошқа жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, Сергели тумани ҳокимлиги мутасаддилари, курсантларнинг ота-оналари ва яқинлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Ҳозирда институтда 700 нафарга яқин курсант таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 150 нафардан ортиқроғи биринчи босқич курсантлари ҳисобланади. Улар ФВВ Ёнғин хавфсизлиги институтига қабул қилиниши муносабати билан Ватанга муҳаббат ва эл-юртга садоқат, мамлакатимиз Президентига содиқликка қасамёд қилишди.


Тадбирда сўзга чиққан, Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла Қўлдошев институтнинг биринчи босқичига қабул қилинган курсантларни «Ҳарбий қасамёд» қабул қилганликлари муносабати билан табриклади.
Шундан сўнг институтнинг юқори босқичларида таҳсил олаётган, аъло баҳоларга ўқиётган ва жамоат ишларида ўрнак бўлаётган иқтидорли курсантларга - «Вазир стипендиантлари»га фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди.


Институт бошлиғи вазифасини бажарувчи полковник Дилшод Тохтамурадов олий даргоҳга қабул қилинган биринчи босқич курсантларини қизғин қутлади.










