Жаҳон | 00:00 / 04.09.2019
10826
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони сентябрь охиридан 51 давлатга туристик визалар бера бошлайди

Фото: Wikipedia

Саудия Арабистони 27 сентябрдан хорижликларга туристик визалар беришни бошламоқчи. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар берди.

Сайёҳлар визани Саудия Арабистонига келгач олишлари ёки интернет орқали электрон ариза бериб олишлари мумкин.  

Таъкидланишича, визалар 51 та давлат фуқароларига 90 кун муддатга берилади. Унинг қиймати 118 долларни ташкил қилади. Бу суммага мажбурий тиббий суғурта ҳам киради. Саудия Арабистони расмийлари визаларни онлайн тартибда расмийлаштириш бир неча дақиқагина вақт олиши ва хорижликларга виза олиш учун элчихонага мурожаат қилишлари талаб этилмаслигига ваъда берилди. 

Айни вақтда Саудия Арабистони 4 турдаги – меҳнат, ишбилармонлик, зиёрат ва ташриф визаларини беради. 

ОАВда Саудия Арабистони яқин ойларда туристик электрон визаларни бера бошлаши ҳақида маълумотлар пайдо бўлиб туради. Бундай визалар синов режимида 2018 йилда Formula E пойгаси босқичига ташриф буюрганларга берилган. Gulf News нашри маълумотларига кўра, электрон визалар Европанинг Шенген келишувига кирувчи давлатлари, АҚШ, Австралия, Япония, Жанубий Корея, ЖАР, Бруней, Малайзия, Сингапур ва Тайван фуқароларига берилиши мумкин. Туристик визалар бериладиган давлатлар якуний рўйхати ҳали тўлиқ шакллантирилмаган ва тўлдирилмоқда.

Ҳозирда подшоҳлик ҳукумати туристик соҳани ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда. Мутахассисларнинг фикрича, сайёҳлик тармоғи иқтисодиётни жадаллаштиришга ва энергия захиралари экспортидан камроқ тобе бўлишга туртки беради. Саудия Арабистони 2030 йилгача йилига 30 млн киши келишига интилмоқда. Ҳозирда бу рақам 16 млн кишини ташкил қилади, лекин улар орасида сайёҳлар йўқ.  Бироқ Саудия Арабистони яқин орада туризмдан ҳар йили 47 млрд доллар олишни кўзламоқда.

Мавзуга оид