Ўзбекистон | 12:53 / 06.09.2019
14939
2 дақиқада ўқилади

Ҳар бир туманда бепул ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди

Фото: Depositphotos

Адлия вазирлигининг таклифига асосан Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан “Мадад” нодавлат-нотижорат ташкилоти ташкил этилди. Ушбу муассаса аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. 

Шунга кўра, ҳар бир туман (шаҳар)да босқичма-босқич “Мадад”нинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилади ва фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат ҳамда амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Апрель ойида Адлия вазирлиги томонидан Advice.uz портали ишга туширилган бўлиб, унда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган асосий ҳуқуқий масалалар бўйича 1000 дан ортиқ контентлар жойлаштирилган.

Қарорда таъкидланишича, “Мадад” муассасасига Advice.uz 
(e-maslahat.uz) порталини доимий такомиллаштириб бориш вазифаси ҳам юкланди. Шунингдек, у қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

фуқароларга онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат беради;

ҳудудларда маслаҳат бюроларини ташкил этиш орқали фуқароларга доимий равишда бевосита бепул ҳуқуқий маслаҳат берилишини ташкил этади;

ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ҳуқуқий билимларини ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб бориш ишларига кўнгиллиларни жалб қилади.

Маълумот учун: “Advice.uz” тизими орқали ҳозирги кунга қадар 5 мингга яқин фойдаланувчи томонидан 10 мингдан ортиқ ҳуқуқий саволлар берилган. 

Мавзуга оид