2019 йил 17 июндаги №ПҚ-4359 сонли президент қарори билан жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига, ўз хоҳишларига кўра тўлов-контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилди. Бу ҳуқуқнинг берилиши контракт асосида ўқиётганлар учун жуда катта енгиллик туғдирди, шунингдек, айниқса, контракт тўловларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилгани халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан қабул қилинди. Ушбу тартиблар жорий этилиши натижасида контракт тўловлари ойлик иш ҳақлари оширилганидан кўра кўпроқ фоизга оширилган бўлсада, оширилган миқдордаги тўловларни тўлашнинг қулай имконияти яратилди. Жорий этилган ушбу ўзгаришлар мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида халқона ислоҳотлар амалга оширилаётганининг яна бир далилидир.

Бироқ, юқоридаги президент қарорининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳасида «тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабалари стипендиялардан воз кечиш ҳисобига йиллик олинадиган стипендия миқдорига мос равишда камайтирилган тўлов-контракт пулини тўлаш ҳуқуқига эга бўлади» деб ёзилган эди. Шунга қарамасдан, мутасадди вазирлик томонидан, барча учун бир хил миқдорда стипендия тўлаш тартиби жорий этилиши ҳамда стипендиясиз контракт тўлаш ҳам айнан ана шу миқдордан келиб чиқиб амалга оширилиши бўйича билдирилган баёноти бугунги кунда жуда кўп мунозара ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Вазирлик томонидан эълон қилинган янгича тартиб талаба ва ўқитувчилар ўртасидаги тамагирлик ҳолатларининг олдини олишига хизмат қилади деб изоҳланаётган бўлса-да, стипендия тўлаш тизими умуман мавжуд бўлмаган умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежларида ва ҳаттоки мактабгача таълим муассасаларида ҳам коррупция мавжудлигидан, юқоридаги каби хулоса қилиш унчалик ҳам тўғри эмаслигини кўрсатади. Шу билан биргаликда, барча ўқитувчилар ҳам, барча талабалар ҳам бу каби ноқонуний ишларга қўл урмайди. Умуман айтганда, бу каби ноқонуний ҳолатларга қарши ижобий натижа берадиган мавжуд тартиблардан воз кечиш эвазига эмас, балки назоратни кучайтириш ва жавобгарликни ошириш, адолатли ва шаффоф баҳолаш механизмларини жорий этиш каби воситалар билан курашилгани мақсадга мувофиқ.

Стипендия миқдори талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичига боғлиқ ҳолда белгиланиши бугунги кундаги талабалар учун юқори билим ва баҳо олишга рағбатлантирувчи энг муҳим омил бўлиб қолмоқда. Агар барча тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун бир хил миқдор белгиланиб, ўша миқдордан келиб чиқиб тўлов-контракт пулини камроқ тўлаш тартиби жорий этиладиган бўлса, олий таълим муассасаларидаги талабаларнинг 70-80 фоизини ташкил этувчи тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларнинг юқори билим ва баҳо олишини рағбатлантирувчи энг муҳим таъсир кучи қўлдан бой берилган бўлади. Шунингдек, ҳар йили 1,5-2 триллион сўмга яқин стипендия маблағлари самарали ва мақсадли ишлатилишини камайтиради.