Мурожаатлар ортидан танқидий-таҳлилий мақола ёзгани жойларга чиқиб, бор муаммоларни тўлиқ ўрганганимиздан сўнг мақола эълон қилинади.
Таажжубланарлиси, мутасаддиларнинг танқидга нисбатан муносабати икки хил бўлади.
Баъзи раҳбарлар камчиликларни тан олмай, хаспўшлаб, ҳеч қандай муаммо йўқлигини исботлаш учун раддия ёзиш йўлини маъқул кўради. Қани эди РАДДИЯ билан масала ҳал бўлса...
Танқидни тўғри тушуниб, соғлом фикрлаган мутасаддилар эса, мавжуд муаммони зудлик билан ҳал этиш йўлини танлайдилар.
10 сентябрь куни KUN.UZ сайтида Андижон вилояти, Булоқбоши туман марказидаги М. Исмоилий МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйлардаги таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларидаги камчиликлар тўғрисида «Ҳаммаёқни расво қилиб кетишди. Таъмирлаш кимнинг манфаати учун эди?» — Булоқбошидаги «Сирли ширкат» ҳақида” сарлавҳаси билан танқидий материал эълон қилинган эди.

Мақола кенг оммага тақдим этилгач, Булоқбоши туман ҳокимлиги, Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси вакиллари кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли вакиллари билан ўша куннинг ўзида учрашиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга киришишган.
Булоқбоши туман ҳокими Ўткирбек Маъмуров хонадон соҳиблари арзларини тинглаб, тезкор равишда ободонлаштириш ишларини бошлаган.


Танқидий мақолада ёнма-ён жойлашган учта кўпқаватли уйларда яшовчи аҳолининг Халқ банки кредити асосида олиб борилган таъмирлаш ишлари охири етказилмаганлиги ва ошиқча нархда ҳисоблангани таъкидлаб ўтилган эди.
Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Машъалбек Тажибоев ҳам аҳоли вакиллари билан учрашиб, мавжуд муаммоларни ҳал этишга киришган. Бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, экспертлар «Булоқбоши қурилиш сервис», «Омадилло савдо люкс» жамиятлари томонидан олиб борилган таъмирлаш ишларини ҳисоб-китоб қилишни бошлашган.



























