Ўзбекистон | 15:31 / 16.09.2019
6730
3 дақиқада ўқилади

ХДП: «Истеъмол саватчаси»ни белгилашда иқлим шароити ва миллий анъаналарни ҳисобга олиш муҳим

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида навбатдаги видеомулоқот ўтказилди. 

Марказий Кенгаш ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилишда мутахассислар истеъмол саватида минимал озиқ-овқат савати муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлашди. Минимал истеъмол саватини белгилаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Фото: ХДП ахборот хизмати
Фото: ХДП ахборот хизмати

Қайд этилдики, аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси” асосида даромадларни аниқлаш йўли билан таъминланади. Халқаро тажрибада “яшаш минимуми” - одам организми нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш ва унинг саломатлигини сақлаш учун етарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламининг, шунингдек, шахснинг асосий ижтимоий ва маданий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлари минимал тўпламининг қиймат миқдори ҳисобланади. “Истеъмол саватчаси” эса одам ёки оиланинг ойлик (йиллик) эҳтиёжининг одатий даражаси ва тузилмасини тавсифловчи товарларнинг ҳисобланадиган намунавий тўпламидир.

“Истеъмол саватчаси”ни жорий қилиш бугунги кунда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатимизда меҳнатга ҳақ тўлашнинг минимал чегараларини белгилашда энг долзарб масала ҳисобланади.

Аҳолининг минимал ижтимоий стандартларини ошириб бориш, энг кам миқдордаги ижтимоий стандартларни ишлаб чиқиш, яшаш учун керак бўлган маблағнинг энг кам миқдорини аниқлаш тизимини жорий этиш масалалари катта аҳамиятга эга.

“Истеъмол савати”ни белгилашда иссиқ ёки совуқ табиий-иқлим шароити, аҳолининг асосий ижтимоий-демографик гуруҳлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар истеъмол қилинишидаги миллий анъаналар, маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунинг учун Халқ демократик партияси инсон саломатлигини сақлаш, унинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларнинг намунавий минимал турлари рўйхатини ишлаб чиқиш бўйича таклифларни ўрганмоқда, дейилади ХДП хабарида.

Мавзуга оид