Қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда – ҚҚС) билан боғлиқ ислоҳотлар жорий йилнинг бошидан бошланган бўлсада, жамоатчилик ва халқимизнинг мавзуга оид хилма-хил фикрлари, тортишувлар ва турли муносабатлар билдириши ҳамон давом этмоқда.

Ўтган давр мобайнида соҳа мутахассислари, блогерлар, тадбиркорлар ва қолаверса аҳолининг фаол қатлами томонидан олиб борилган тарғибот ва ташвиқот тадбирларига қарамасдан, ушбу солиқ тури билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам ўзининг долзарблигини йўқотгани йўқ.

Шу сабабли, бу мақолада ҚҚСнинг аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, товарлар ва хизматлар нархига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсири тўғрисида фикр юритамиз.

Тарихга назар

ҚҚС биринчи марта 1958 йилда Францияда жорий этилган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 140га яқин давлатларида бор. Бироқ, баъзи давлатларда, хусусан, АҚШ, Канада ва Японияда бу солиқ амал қилмайди, унинг ўрнига сотишдан солиқ (sales tax) ундирилади.

Ўзбекистонда ҚҚС илк бор 1992 йилнинг 1 январида жорий қилинган. Қарийб 28 йилдан буён амал қилиб келаётган ҚҚСнинг илк ставкаси 30 фоиз эди. Амалдаги ставка 20 фоиз қилиб белгиланган бўлиб, 2000 йилдан буён ўзгаришсиз келмоқда.

ҚҚСни тушунушнинг мураккаблиги унинг ўзига хос хусусиятларга эга эканлигида бўлиб, харидор нуқтаи назаридан олиб қаралганда худди истеъмол солиғига ўхшайди. Яъни сотувчи уни сотилган товарлар, ишлар ёки хизматлар нархининг устига қўшади. Шу маънода ҚҚСни истеъмол ёки оборот солиғининг модификацияланган кўриниши деб ҳисобласак бўлади. Фарқи шундаки, агар харидор ҳам ҚҚС тўловчиси бўлса (яъни бошқа товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун товарлар, ишлар ва хизматларни сотиб олса), сотувчи бюджет олдидаги мажбуриятларининг умумий миқдорини ҳисоблашда харидордан олинган солиқ суммасидан етказиб берувчиларга тўлаб берган солиқ суммасини ушлаб қолиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шундай қилиб, ушбу солиқ билвосита бўлиб, унинг юки охир-оқибат ишлаб чиқарувчига эмас, балки товарлар ва хизматларнинг якуний истеъмолчиларига тушади.