Вазирлар Маҳкамасининг “Пайвандчиларни аттестациядан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қоидаларга кўра, билим синови 18 ёшдан кичик бўлмаган, махсуслаштирилган касб ҳунар-техник билим юртини ёки пайвандлаш бўйича курсларни тугатган, ушбу мутахассислик бўйича камида 6 ой, автоматларда, яримавтоматларда ва контакт машиналарда эса камида 3 ой ишлаган пайвандчиларга рухсат этилади. Билим юртида ёки курсларда пайвандчини ўқитиш жараёнидаги амалий ишлар вақти стажга кирмайди.

Билим синовидан ўтишдан олдин пайвандчилар, бажаришга тайёрланаётган ишларини бажариш спецификасини ҳисобга оладиган махсус назарий ва амалий тайёргарликдан ўтишлари шарт. Тайёргарлик Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишилган махсус дастурлар бўйича ўтказилиши керак. Дастурда пайвандлаш жиҳозлари бўйича (вазифаси, тузилиши, ишлаш принципи, фойдаланиш қоидалари), асосий ва пайвандлаш материалларининг хоссалари бўйича, пайвандлаш технологияси, пайванд бирикмаларининг сифатини назорат қилиш, нуқсонларни тузатиш усуллари, шунингдек пайвандлаш ишларини бажаришда хавфсизлик қоидалари бўйича бўлимлар бўлиши керак.

Пайвандчилар билим синови доимий ишлайдиган комиссия томонидан корхоналарда (ташкилотларда) уларнинг назарий билимларини ва амалий кўникмаларини текшириш йўли билан ўтказилади.

Пайвандчиларни билим синовидан ўтказиш комиссиялари зарур ишлаб чиқариш базасига эга ва муҳандис-техник ходимлари бўлган корхоналарда (ташкилотларда), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ҳудудий органи билан келишилган ҳолда тузилади.

Комиссия таркибига қуйидагилар кириши керак:

а) бош пайвандчи ёки корхонанинг (ташкилотнинг) пайвандлаш ишлари раҳбари – комиссия раиси;

б) пайванд назоратини идора қиладиган, корхонанинг (ташкилотнинг) техник назорат бўлими вакили (монтаж ташкилоти пайвандлаш лабораторияси вакили);

в) цех (монтаж участкаси) раҳбарияти вакили;

г) пайвандлаш бўйича ўқитган ўқитувчи;

д) корхона (ташкилот) хавфсизлик техникаси бўлими вакили;

е) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакили.

Ундан ташқари, комиссия таркибига пайвандлаш ишлаб чиқариш бўйича бошқа мутахассислар ҳам киритилиши мумкин.

Пайвандчининг назарий билимларини ва амалий кўникмаларини текшириш дастур ҳажмида амалга оширилади. Бунда назарий билимлар тўрт балли тизим бўйича баҳоланади (аъло, яхши, қониқарли, қониқарсиз).